Германия аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровномада иштирок этганларнинг 58 фоизи Анқаранинг «Тинчлик булоғи» операцияси сабаб Туркияни НАТОдан четлатишни ёқлаб чиқди, 18 фоиз одамлар эса бу қарорга қарши эканлигини билдириб овоз берди. Сўровлар YouGov ижтимоий сўров институти томонидан ўтказилди, деб ёзмоқда «ТАСС».

Фото: EPA

Респондентларнинг 61 фоизи Анқарага нисбатан молиявий санкцияларнинг қўлланишига, 69 фоизи туркларга ҳарбий товарлар экспортини тўхтатиш лозимлигига овоз берди.

Сўровни буюртма қилган DPA агентлиги 1949 йилда имзоланган Шимолий Атлантика келишувида ташкилотдан қайсидир давлатни чиқариб юбориш шартлари кўзда тутилмаганлигини қайд этган. Шу сабабли Туркияга нисбатан ушбу чорани амалга ошириш муаммоли ҳолат бўлади. Ҳозирчи Германия федератив республикасида ушбу чорани қўллаш ташаббусини фақат Сўллар партияси вакиллари илгари сурмоқда. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас бунга қарама-қарши ўлароқ Туркияни НАТОдаги муҳим иттифоқдош эканлигини таъкидлаган.

Сўровномаларда 2033 нафар германиялик иштирок этган.

Туркиянинг Сурия шимоли-шарқидаги «Тинчлик булоғи» ҳарбий операцияси ҳақида

9 октябрда Анқара Сурия шимоли-шарқида Туркиядаги қочоқлар учун хавфсиз зона ташкил этиш мақсадида курд жангариларига қарши «Тинчлик булоғи» ҳарбий операциясини бошлаган.

17 октябрда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда АҚШ вице-президенти Майк Пенс Сурия шимоли-шарқидаги операцияни курдлар хавфсиз зона ҳудудидан чиқиб кетиши учун 120 соатга тўхтатишни келишиб олди.

22 октябрда Россия президенти Владимир Путин ва Турия давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сочида Суриядаги вазиятни муҳокама қилди ва «Тинчлик булоғи» операциясини 23 октябрдан яна 150 соатга тўхтатиш ва ўт очмаслик ҳақидаги шартлашув муддати якунига етгач ҳамкорликда Туркия—Сурия чегарасида 30 километрлик ҳудудни барпо этиш учун қўшма патрул тадбирлари ўтказиш ҳақида меморандум имзолади.