Европада қидирувда бўлган жиноятчилардан бири Испанияда қўлга олинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: Испания полицияси

У Андалусиянинг Марбелья шаҳрида туғилган кунини нишонлаётган чоғда ушланди. Ёнидан эса сохта француз паспорти топилган.

2013 йил 3 апрелга ўтар кечаси Люксембургда бир неча нафар қуролли киши пул ташиш билан шуғулланадиган қўриқлаш компанияси штаб-квартирасига ҳужум уюштиради. Ҳужум чоғи улар эшикларни бузиш учун портловчи моддалардан фойдаланади, бироқ пуллар сақланган бункерга етиб бора олмайди.

Ҳужум қилганлар ва ҳодиса жойига етиб келган полиция ўртасида отишма рўй беради. Жиноятчилар яшириниш ва Бельгия чегарасини кесиб ўтишга улгуради.

Қўлга олинган шахс Люксембургда 22 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.