General Motors автоконцернининг учинчи чоракдаги тушуми 35,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга кам, дея хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: General Motors

Компания даромади 2,3 миллиард долларга тенг бўлди. Бу кўрсаткич ҳам бир йил аввалгига солиштирганда 8,7 фоизга кам.

GM мутасаддиларига кўра, учинчи чоракда ишчи-ходимлар иш ташлаши туфайли 1 миллиард доллар йўқотилган. Иш ташлаш 16 сентябрдан 25 октябргача давом этди ва компания тарихидаги охирги 50 йил ичида энг узоққа чўзилгани бўлди.

Компания таҳлилчилари GM йил якунлари бўйича иш ташлаш оқибатида 2,9 миллиард долларни бой бериши мумкинлигини тахмин қилмоқда.