Америка қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари Кеннет Меккензи Оқ уйда журналистлар учун ўтказилган брифинг вақтида ИШИД террорчилик ташкилоти етакчиси Ал-Бағдодийни йўқ қилиш бўйича операция вақтида олти нафар жангари, жумладан, тўрт нафар аёл ўлганлигини маълум қилди, деб ёзмоқда «ТАСС».

Фото: Axios

«Операция вақтида тинч аҳоли вакилларига зарар етказмаслик,  бино ичида бўлган болалар талафот кўрмаслиги учун барча чоралар амалга оширилди. Объект ҳудудидаги беш нафар ИШИД аъзоси махсус қўшин аскарларига қаршилик кўрсатди, улар араб тилида айтилган қуролни тушириш ҳақидаги огоҳлантиришларга ҳам бефарқ муносабатда бўлди. Улар отиб ташланди, террорчилар орасида уч нафар аёл ва бир эркак бўлган», — дея таъкидлаган генерал-лейтенант. Шунингдек, АҚШ қўмондони Ал-Бағдодийнинг аввал кўплаб ғарб нашрлари ёзганидек учта эмас, балки икки нафар бола билан бирга ўзини портлатганини билдирди.

«Объектда ИШИДнинг олти нафар террорчиси ҳалок бўлди: тўрт аёл ва Бағдодийни ҳам қўшганда икки эркак», — дейди Маккензи.

Пентагон вакили операция вақтидаги махфий суратлар ва видеодан парчалар эълон қилинишини тасдиқлади. Шунингдек, у Бағдодий билан бирга ҳалок бўлган болалар ҳали 12 ёшга тўлмаганини маълум қилди. Маккензи Бағдодийнинг бомбани ҳаракатга келтиришдан олдин туннелдан отилиб чиқишга уринган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Генерал-лейтенантнинг сўзларига кўра ДНК текшируви ҳам рейд вақтида Бағдодийнинг ўлганлигини 100 фоиз тасдиқлаган.

Шунингдек АҚШ мудофаа вазирлиги баёнотига кўра махсус хизмат ходимларининг ИШИД етакчисини йўқ қилиш бўйича операцияси вақтида бир нечта ҳужжат ва электрон қурилмаларни объектдан олиб келишга муваффақ бўлган.

«Суриядаги операцияда иштирок этган ҳарбийлар томонидан топилган ҳужжатлар ҳамда электрон қурилмалар сақлаб қолинган», — дея қайд этган Маккензи.

Америка қуролли кучлари марказий қўмондонлиги Суриянинг Идлиб вилоятидаги ИШИД етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодийни йўқ қилишга қаратилган операция видеосини Twitter’даги саҳифасига жойлаштирган.

Унда юқори пландан олинган кадрларда бетон девор билан ўралган уй атрофини ўраб олган икки гуруҳнинг ҳаракатларини кўриш мумкин. Видеони дрон ёрдамида тасвирга туширилган.

Абу Бакр Ал-Бағдодий Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ ҳарбийларининг ҳаводан йўллаган ҳужуми натижасида ўлгани,  ИШИД раҳнамоси бўлган Бағдодий ўрнини унинг икки ёрдамчисидан бири эгаллаши хабар қилинган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва Бағдодийнинг «итдек ўлим топгани»ни қайд этиб, маълумотни расман тасдиқлаган.

ИШИД собиқ раҳбарининг жасади қолдиқлари денгизга оқизилиши ва ташкилот раҳбарлигини келиб чиқиши туркман миллатига мансуб ироқлик собиқ зобит Абдулла Қардош эгаллаши маълум бўлган. Кейинчалик Суриянинг Идлиб вилоятидаги Бариша қишлоғида яшовчи халқ ИШИД етакчисини танимагани ва уни ипак ҳамда матолар савдоси билан шуғулланадиган катта тадбиркор деб ҳисоблагани хабар қилинган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.