Россиянинг 10 та (улардан 8 таси атом) сув ости кемаси Шимолий Атлантикадаги операцияга сафарбар этилди. Бу ҳақда ҳарбий разведка манбаларига таяниб, Норвегиянинг NRK телерадиокомпанияси маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».

Фото: Reuters

Кўзда тутилган мақсад НАТО мудофаа сарҳадларини ёриб ўтиш ва АҚШнинг шарқий қирғоқларига яширинча яқинлашишни машқ қилишдан иборат эканлиги айтилмоқда.

«Бу машғулотлар эмас, балки Россия сув ости кемаларининг АҚШ шарқий қирғоқларига таҳдид қилишга қодир эканликларини намойиш этишга қаратилган йирик операцияси. Улар олдига пайқалмаган ҳолда Атлантикада имкон борича узоқроққа сузиб бориш вазифаси қўйилган», — дея таъкидлаган манба.

Қайд этилишича, Россия сув ости кемалари НАТО кемаларга қарши мудофаасининг Шимолий Атлантикада Гренландия, Исландия ва Буюк Британия ўртасидаги чизиғини кесиб ўтиш ва Атлантика энг олис ҳудудларига етиб боришга уринмоқда.

«Россия АҚШга яқинлашишга қодир эканлигини кўрсатмоқчи. Руслар Ғарбнинг уларни пайқаш имконияти ва бунга қандай муносабатда бўлишини синаб кўриш ниятида», — хулоса қилган Норвегия разведкаси вакиллари.

Россия сув ости кемаларининг 60 кунга мўлжалланган операцияси Баренс ва Норвегия денгизларида ўтган ҳафта аввалида бошлангани билдирилган.