Эрон ахборот ва коммуникацион технологиялари вазири Жавод Азари Жаҳромий Қатардаги Smart City Expo кўргазмасида берган интервьюсида ярим йил ичида мамлакатдаги биринчи фазогирлар гуруҳига номзодлар синовдан ўтказилишини маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».

Аввал Жаҳромий Эроннинг космосга ўз фазогирини учирмоқчи экани ва бу вазифани амалга оширишда хориж давлатлари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирган. Эрон фазо агентлиги раҳбари Муртазо Барорий Россия билан форс космонавтини Халқаро фазо станциясига (ХФС) чиқариш бўйича музокараларга тайёрлигини маълум қилган.

«Биз ХФСга бошқа хориж мамлакатлари, хусусан, Россия билан ҳамкорликда эронлик фазогирни юбориш масаласини ўрганмоқдамиз. Фазо билан боғлиқ масалалар аввал мамлакатда кун тартибига қўйилади, сўнгра Россия билан муҳокама этилади. Эрон биринчи фазогирлар гуруҳи учун танлов эълон қилади. Номзодлар олти ой ичида синовдан ўтказилади ва гуруҳ шакллантирилади», — дейди Жаҳромий.

Вазир Эрон ХФСга шунчаки саёҳатчи йўловчиларни учирмоқчи эмаслиги ва фазога илмий нуқтаи назарга эга олимлар юборилишига урғу берди.