1 ноябрь Бутунжаҳон вегетарианлик кунидир. Шу муносабат билан «Дарё» жаҳоннинг машҳур вегетарианлари ҳақида маълумот беради.

Дунё ажойиботлар билан бирга ажойиб ва ғаройиб одамлар билан ҳам қизиқ туюлади. Ана шундай одамлар тоифасидан бири вегетарианлардир.

Вегетарианлик ҳайвон ва парранда гўштидан, сув олами ҳайвонлари гўштидан воз кечиб, фақат ўсимлик, мева-сабзавот ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиб юрувчи одамларга нисбатан қўлланиладиган атамадир.

Вегетарианликни танлаган одамлар уни турли сабабларга кўра танлаган бўлиши мумкин. Кимдир диний қарашлари, яна кимдир тиббиёт, экология, иқтисод тарафдан бу танловга келади. Ҳар бир киши нима сабабдан вегетарианликни танлагани таҳлил қилинса, уларнинг аксарияти ҳайвон ва паррандаларни ейиш учун ўлдириш, денгиз ҳайвонларини ейиш учун овлашни ваҳшийлик деб тушунишини айтади. Айниқса дунёга машҳур вегетарианларнинг аксарияти бу йўлни шу туфайли танлаганини айтади.

«Вегетариан» атамаси инглизча vegetable – «сабзавот» сўзидан келиб чиққан. Лекин аксарият вегетарианлар бу сўзни лотинча vegetus – «тетик», «тирик» маъноларини берувчи сўз билан боғлайди. Бу атама 1847 йилда Буюк Британия Вегетарианлар жамияти тузилгандан сўнг машҳур бўлди ва кенг қўлланила бошланди.

Вегетарианларнинг энг ашаддийлари ҳайвон ва парранда гўшти, денгиз ҳайвонлари маҳсулотларига қўшиб ҳайвонлардан олинадиган сут маҳсулотлари, тухум, ҳатто асал ҳам емайди. Улар хоҳ қуруқликда яшасин, хоҳ денгизда, хоҳ очиқ ҳавода, ҳар қандай ҳайвон ва парранда, денгиз ҳайвонлари, ҳашаротлар ва уларга дахлдор ҳеч нарсани истеъмол қилмайди. Бу тоифа вегетарианлар фақат ўсимликлар ва мева-сабзавотлар билан озиқланади. Улар «веган» деб аталади.

Вегетарианларнинг яна бир тоифаси (улар ўзларини ҳақиқий вегетарианлар деб билади) фақат ҳайвон ва парранда, денгиз ҳайвонлари маҳсулотларининг гўштини емайди. Ўсимлик ва мева-сабзавотга қўшиб ҳайвон ва паррандалардан олинадиган сут маҳсулотлари ва тухумни ейди.

Шунингдек, вегетарианлар кундалик яшашида ҳам ҳайвонлар териси билан боғлиқ ҳеч қандай буюмларни ишлатмайди, ҳайвонлар терисидан ёки табиий матолардан тикилган бўлса-ю, бир четида ҳайвонлар териси ишлатилган бўлса, бундай маҳсулотларни умуман ишлатмайди. Паррандалар паридан иборат буюмларни ҳам ишлатмайди. Асосан табиий ва сунъий матолардан тикилган кийимларни кияди, буюмларни ишлатади.

Шунингдек, улар ҳайвонлар таркибида бўладиган турли моддалар қўшиб тайёрланган дори-дармонлардан фойдаланмайди.

Бугун дунёнинг айрим давлатларида аҳолининг 5 фоизидан 10 фоизигача вегетарианлар ҳисобланади. Булар Бразилия, Исроил, Италия, Германия, Буюк Британия, Испания, Франция, Австралия, Янги Зеландия, АҚШ каби мамлакатлардир. Энг қизиғи, вегетарианларнинг учдан икки қисми аёлларни ташкил этади.

Бугун дунёнинг аксарият мамлакатларида вегетарианлар учун алоҳида ресторанлар, қаҳвахоналар ва бошқа овқатланиш шохобчалари очилган. Уларда вегетарианлар учун асосан ўсимликлардан, мева-сабзавотлардан овқат тайёрлаб берилади.

Бугунги кунда дунёдаги кўплаб машҳур инсонлар, актёрлар, таниқли ишбилармонлар, маданият ва санъат аҳллари вегетарианлик ҳаёт тарзини танлашган.

Қуйида турли касб эгалари бўлган дунёга машҳур вегетарианларнинг бир қанчаси билан танишамиз.

Стив Жобс

Фото: AP

Дунёдаги энг машҳур тадбиркорлардан бири бўлган ва ўз компьютерлари билан том маънода дунёни компьютерлаштириб ташлаган Стив Жобс 1977 йилда Apple компаниясини тузган пайтида ашаддий мевахўр эди. У ўша пайтлардаёқ бир неча кунлаб фақат меванинг маълум бир тури билан озиқланиб юриши билан машҳур эди. У умрининг охиригача мевахўр бўлиб қолди.

Генри Форд

Фото: Wikipedia

Стив Жобс дунёни компьютерга тўлдириб ташлаган бўлса, Генри Форд дунёни автомобилларга тўлдириб ташлади.

Форд машҳур вегетарианлардан бири бўлган ва «агар одамзот гўшт ейишни тўхтатса, дунё янада яхшироқ бўлишини» билдирган.

Форднинг фикрича, «Одамзот энди бемалол ҳайвонлар ва паррандалар гўштини, денгиз маҳсулотларини ўрнини босувчи сунъий озуқа ишлаб чиқара олади. Шундай экан, ҳайвон ва паррандаларни ўлдириш, денгиз ҳайвонларини овлаш нега керак?»

1931 йилда Форд «Соя ўсимлигидан турли маҳсулотлар ўрнини босувчи озуқа олиш» ҳақидаги рисолани ўқиб қолади. Шундан сўнг 1934 йилда у соя ўсимлигидан турли озуқа ишлаб чиқарадиган корхонани ишга туширади.

Альфред Форд

Фото: AP

Алфред Форд Герни Форднинг эвараси бўлади. У ҳам машҳур вегетарианлардан бири ҳисобланади. Генри Форд ўз авлодларига нафақат автомобиль ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниясини, балки вегетарианлигини ҳам мерос қилиб қолдирган.

Шу туфайли бугун унинг кўплаб авлодлари қатори эвараси Альфред Форд ҳам вегетариан бўлган.

Кристин Лагард

Фото: AP

Кристин Лагард бир неча йилдан бери Халқаро валюта жамғармасининг ижрочи директори вазифасида ишлаб келяпти. У ҳам дунёга машҳур вегетарианлардан бири ҳисобланади.

Кристин Лагард ёшликдан спорт билан мунтазам шуғулланган ва шу билан бирга вегетарианликни танлаб, гўшт маҳсулотларининг ҳар қандай туридан воз кечган.

Билл Клинтон

Фото: AP

АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон ҳам вегетариан ҳисобланади.

Унинг вегетариан бўлиши соғлиги билан боғлиқ. 2010 йилда Клинтоннинг танасида холестерин моддаси белгиланган миқдордан анча ошиб кетиб, соғлиги ёмонлашади. Шундан сўнг врачлар унга гўшт маҳсулотларидан батамом воз кечишни маслаҳат берадилар. Шундан сўнг у ҳам ҳар қандай турдаги гўшт маҳсулотларидан воз кечиб вегетарианлик ҳаёт тарзига ўтган.

Клинтоннинг тан олишича аввалига гўшт маҳсулотидан воз кечиш собиқ президент учун жуда оғир бўлган. Шунда унга Кембелларнинг The China Study китобини беришган. Клинтон бу китобдаги вегетариан бўлгандан сўнг нималарга эътибор беоиш, қийинчиликларни қандай енгиб ўтиш ҳақидаги маслаҳатларни ўқиб, унга амал қилиб вегетарианликка мослашган.

Пол Маккартни

Фото: Wikipedia

Жаҳонга машҳур хонанда сэр Пол Маккартни бугун кексайиб қолганига қарамай турли хайрия концертларида иштирок этади, янги қўшиқлардан иборат альбом ёзади. У бунинг муваффақиятини вегетарианлик билан боғлайди.

Энг биринчи Маккартининг хотини Линда вегетарианликни танлайди. Кейинчалик хотини билан дунёни ва ундаги ҳайвонот дунёсини асрашга бағишланган тадбирларда қатнашган Маккартнининг ўзи ҳам вегетарианлик ҳаётини танлади.

Павел Дуров

Фото: Wikipedia

Дунёга машҳур Telegram ижтимоий тармоғининг асосчиси россиялик Павел Дуров ҳам вегетариан ҳисобланади.

У вегетарианликни танлаганига анча йиллар бўлган. Ундан қандай ҳаёт тарзида яшаши ҳақида сўралганда, у «вегетарианлик ҳаёти қийин эмас. Озгина мослашиб олганингиздан кейин ҳайвонлар ва паррандалар гўшти сизга аниқ ёқмай қолади. Бу ҳаётнинг ҳеч қандай сири йўқ. Мен ҳайвон ва парранда гўштидан воз кечганман. Асосан ўсимликлар ва мева-сабзавотлар билан озиқланаман. Овқатланишда шакар, ун, кофе, спиртли ичимликлардан иложи борича қочишга ҳаракат қиламан. Шу менинг соғлом турмуш тарзим».

Бред Питт

Фото: Getty Images

Голливуднинг машҳур акёри Бред Питт ҳам анча йиллардан бери вегетариандир.

Бред Питт ҳайвон ва парранда гўшти, денгиз ҳайвонлари маҳсулотларидан нафақат ўзи воз кечган, балки у атрофидагиларни ҳам шунга тарғиб қилади. Аммо у Голливуд актрисаси Анжелина Жоли билан бирга оила қуриб яшаганида вегетариан бўлишга Анжелинани умуман кўндира олмаган.

Натали Портман

Фото: Getty Images

Голливуднинг яна бир актрисаси Натали Портман ҳам вегетарианлик ҳаётини танлаган.

Натали гўшт ва гўшт маҳсулотларини болалигидан бошлаб умуман истеъмол қилмаган. Бунга эса, болалигида тиббиёт анжуманларидан бирига отаси билан бирга борганида унинг кўз ўнгида тирик жўжа устида амалиёт ўташади. Ўша ондан бошлаб Натали ўз ратционидан ҳайвонлар ва парранда гўштини, денгиз ҳайвонларидан тайёрланган маҳсулотлар ва овқатларни, шунингдек сут маҳсулотлари ва тухумни чиқариб ташлайди. Ўшандан бери Натали вегетариан бўлиб келмоқда.

Алек Болдуин

Фото: Getty Images

Голливуднинг яна бир машҳур актёри Алек Болдиун ҳам вегетариан ҳисобланади. Шунингдек, Болдиун дунё бўйлаб вегетарианликни актив тарғиб ҳам қилади.

Болдиуннинг фикрича, дунёда вегетарианлар қанча кўпайса атроф-муҳитни, табиатни, ҳайвонот дунёсини шунча муваффақият билан асраб қолса бўлади. Унинг тан олишича уни вегетарианлар оламига собиқ хотини, актриса Ким Бесинжер олиб кирган.

Ричард Гир

Фото: Getty Images

Ричард бундан бир неча йиллар муқаддам буддизмни қабул қилган ва унинг таъсирида вегетариан бўлган.

Майк Тайсон

Фото: Google Photos

Кўпчилик учун кутилмаган маълумот шуки, АҚШлик дунёга машҳур Майк Тайсон ҳам вегетариандир.

Тайсоннинг тан олишича, унинг вегетарианлиги ҳали профессионал боксда юрган чоғларида, ортиқча тўпланган вазнни гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишни тўхтатганда бошланган. Вегетариан бўлиши танасига фойда бергани билан бирга Тайсоннинг анча хотиржам инсон бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.