Малида жангарилар ва мамлакат ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 50 нафардан ошди, улар орасида бир нафар фуқаро ҳам бор. Бу ҳақда Мали коммуникациялар вазири Яя Сангаре маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».

Фото: Al-Arabiya

«Инделимандаги қуролли кучлар позицияга қилинган ҳужум натижасида 54 нафар одамнинг жасадлари топилди, уларнинг бир нафари фуқаро, қолгани ҳарбийлар. 10 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олган ва омон қолган. Вазият назоратга олинган», — деб ёзган Сангаре Twitter’да. Шунингдек, вазир ҳалок бўлганларнинг шахслари аниқланганини ҳам маълум қилди.

1 ноябрь куни жангарилар Менака вилоятидаги блокпостга ҳужум уюштирган ва дастлаб тўқнашувда 35 нафар одамнинг ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Мали ҳукумати ушбу ҳужум ортида террорчилар турганлигини билдириб уни қоралаган, аммо мамлакат ҳудудидаги ҳеч бир жангари ташкилот ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган.