Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи плутонийнинг илгари учратилмаган бирикмаси – плутоний пентаоксидини олишга муваффақ бўлди.  Маълум қилинишича, ушбу бирикма ғоят барқарор бўлиб чиққан.

Ҳозирда кўплаб олимлар ядровий чиқиндиларнинг кейинги тақдири нима кечиши масаласи устида бош қотирмоқда. Хусусан, радиоактив металларнинг турли бирикмалари кейинчалик нимага айланиши ва қандай шаклларга кириши муҳимдир.

Фото: Google Photos

Баъзи мамлакатлар ядро чиқитларини чуқур ер қаърига кўмиш ёки сув ҳавзалари тубига чўктириш билан масалани ҳал қилишга уринмоқда. Лекин бунинг оқибатидан ўша радиоактив чиқиндилар кейинчалик ҳеч ким кутмаган жойда кўриниш беряпти. Масалан, плутоний бирикмалари сув тубида балчиқ ва лойқа билан қоришиб, кейин оқим бўйлаб ҳаракатланиб, кутилмаган жойларда пайдо бўлмоқда. Бу эса албатта экологик хатарларни юзага келтириши билан хавотирлидир.

Германиянинг Дрезден-Россендорф илмий тадқиқотлар маркази олимлари шу сингари радиоактив чиқитларнинг турли табиий омиллар таъсирида ҳаракатланиши ва бунинг оқибатида атроф-муҳит омиллари туфайли қандай шакл ўзгаришларига юз тутишини текширмоқда. Шундай текширув натижаларидан бири яқиндагина Angewandte Chemie журналида эълон қилинди.

Маълум қилинишича, аввалига олимлар бошқа бир тажрибада плутоний диоксиди (PuO2) намунасини олиш юзасидан иш олиб боришаётган бўлган. Бунинг учун турли хом ашёлардан фойдаланиб кўришган. Хусусан, олти валентли плутоний қўллаб, бирикма олишга уриниш ҳам бажариб кўрилган. Айнан шу реакция вақтида кутилмаганда жараёнда яна бир бошқа реакция авж олган.

Режалаштирилмаган ўша реакция ҳосилаларини синчиклаб текшириш шуни кўрсатдики, унда кимёвий формуласи NH4PuO2CO3 бўлган плутоний бирикмаси ҳосил бўлар экан. Аввалига кимёгарларнинг ҳеч бири бунга ишонмаган ва вазиятни тасодиф деб баҳолаган. Чунки кимё илмида шу чоққача ҳали плутонийнинг беш валентли бирикмаси маълум эмасди ва бундай бирикманинг мавжуд бўлиши имконсиз деб ҳисобланар эди. Лекин олимлар тажрибаларни бир неча марта қайта такрорлаб кўриб, ҳар сафар бир хил натижа олган.

Олинган плутоний бирикмаси уч ойдан кейин қайта текширилганида, у ўзгаришсиз сақланаётгани ойдинлашди. Яъни плутоний пентаоксиди нафақат «имконсиз» эмас, балки бўлганда ҳам радиоактив бирикмаларга хос бўлмаган тарзда барқарор бирикма ҳам экан.

Ушбу кашфиёт, радиоактив чиқитларни сақлаш ва йўқ қилиш соҳасида янги истиқболларни очиб бериши мумкин.