Тарихда ўз закоси, гўзаллиги билан довруқ қозонган аёллар талайгина. Шундай аёллардан бири Мисрдаги Птоломейлар сулоласининг сўнгги буюк вакиласи, Цезар ва Антоний сингари буюк императорлар муҳаббатини қозонган малика Клеопатрадир.

Тарихда Қадимги Мисрда Клеопатра номи билан 11 та малика ўтган. Улардан энг машҳури Клеопатра VII дир. У милодан аввалги 69 йилда Мисрнинг Искандария шаҳрида таваллуд топган ва милоддан аввалги 30 йилда шу шаҳарда вафот этган. Малика Клеопатра отаси Птоломей XII вафотдан кейин, милоддан аввалги 51 йилда тахтга ўтиради. Тахтни эса укаси Птоломей XIII билан биргаликда бошқаришга киришади. Птоломейлар одатига кўра, аёл киши ёлғиз ўзи тахтни бошқара олмас эди.

Шунинг учун у укаси билан шартли никоҳдан ўтишга мажбур бўлади. Миср тахтида 31 йилгача ўтирган Клеопатра Октавиан бошлиқ Рим империяси қўшинларига мағлуб бўлади. Ушбу мағлубиятдан сўнг Мисрдаги эллинизм даври ниҳоясига етади. Клеопатра эса асирга тушишдан қўрқиб ўз жонига қасд қилади.

Унинг тақдири асрлар давомида барчани бирдек қизиқтириб келган. Унинг шахсияти ва ташқи кўриниши ҳақида ҳозиргача аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Лекин, римликларни ташвишга соладиган даражада ақлли ва зукко бўлганлиги аниқ. Келопатранинг Жазоирнинг Черчел шаҳридаги бюсти унинг ташқи кўринишини тасвирлашда идеаллаштирилган. Шунингдек, бир қанча зарб этилган тангаларда унинг ён томондан туширилган сурати ҳам топилган. У ҳақида жуда кўплаб китоблар ёзилган, суратлар чизилган, театр саҳналарида спектакллар ишланган. Ушбу мақоламизда у ҳақида ишланган фильмларда Клеопатра ролини ижро этган актрисалар ҳақида сўз юритамиз.

Клеопатра ҳақида ишланган илк фильм режиссёр Жорж Мелеснинг оқ-қора тасвирда суратга олинган овозсиз «Клеопатра» фильмидир. Фильм 1899 йилда Францияда суратга олинган. Бош ролни эса Мелеснинг хотини актриса Жанна Д’Алси ижро этган.

Навбатдаги фильм ҳам Францияда 1910 йилда суратга олинган. Фильм бу сафар ҳам табиийки, оқ-қора ва овозсиз тарзда ишланган. Бош ролни актриса Мадлен Рош ижро этган.

1917 йилда АҚШ киноижодкорлари ҳам ушбу машҳур аёл ҳақида фильм суратга олди. Бош ролда Теда Барра Клеопатра образини яратди.

1934 йилда актриса Клодет Колбер рол ижро этган «Клеопатра» фильми Оскар мукофотини қўлга киритди. Ушбу фильм Клеопатра ҳақида олинган фильмлар орасида илк овозли фильмлардан бири ҳисобланади.

1945 йилда афсонавий Вивьиен Ли бош ролни ўйнаган «Цезар ва Клеопатра» фильми малика ҳақидаги навбатдаги киноасар бўлди.

Бернард Шоунинг шу номдаги песаси асосида суратга олинган фильм «Энг яхши постановкачи рассом» номинациясида Оскарни қўлга киритган. Фильм Бернард Шоу песаси асосида унинг ҳаётлик чоғида суратга олинган сўнгги ва илк рангли фильмдир. Техниколор системасида ишланган фильм ўша пайтдаги Англиядаги энг қиммат фильм бўлди.

Фильмлардан ташқари Клеопатра образи мултфильмларда ҳам гавдалантирилган. Шулардан бири Француз ижодкорлари томонидан ишланган «Астерикс ва Клеопатра» мултипликацион фильми. Клеопатрага француз дубляж афсонаси Мишлин Дакс овоз берган. Ушбу мултфильм 1974 йилда «Олтин экран» мукофотини қўлга киритган.

1963 йилда суратга олинган навбатдаги фильмда Клеопатра ролини машҳур Элизабет Тайлор ижро этди. Фильм воқеалари Клеопатранинг Юлий Цезар ва Марк Антоний билан ўзаро муносабатлари ҳақида ҳикоя қилади. Фильм Италия, Испания ва Англияда суратга олинган. Фильм учун 44 миллион (ҳозирги ҳисобда 300 миллион доллар) доллар сарф қилинган. Фильм кино тарихидаги энг қиммат фильмлар қаторидан ўрин олган. 4 йил давомида суратга олинган фильмдаги роли учун Тайлор 1 миллион доллар гонорар талаб қилади ва суратга олиш якунида эса 7 миллион доллар ишлаб олади.

2002 йилда франциялик режиссёр Ален Шаба «Астерикс ва Клеопатра» мултфильми мотивлари асосида навбатдаги комедия жанридаги фильмни суратга олади. Фильм «Астерикс ва Обеликс: Клеопатра миссияси» деб номланди. Фильмдаги Клеопатра ролини мафтункор Моника Белуччи қойилмақом қилиб ижро этган. Фильм воқеалари Миср маликасининг Цезарга мисрликларнинг «қолоқ» халқ эмаслигини кўрсатиб қўйиш мақсадида уч ой муддатда ҳашаматли сарой қуриш ҳақидаги ваъдаси атрофида бўлиб ўтади. Бу ишни эса малика ўзининг Нумеробис исмли архитекторига топширади. Нумеробис эса галлиялик Астерикс ва Обеликсларни ёрдамга чақириб қасрни ўз вақтида қуриб битказади. Фильм 2003 йилда тўртта номинация бўйича «Сезар» мукофотини қўлга киритди.