Галактикалар коинотнинг асосий ташкил қилувчиси ва миллиардлаб юлдузларни ўз бағрига олувчи маконидир. Хўш, галактикалар қандай пайдо бўлади? Бу ҳақда «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Бу борада замонавий илм-фанда иккита етакчи гипотеза мавжуд. Улардан бирига кўра, галактикаларнинг ҳар бир алоҳида олинган фавқулодда жуда катта газ-чанг булутидан ҳосил бўлади деб айтилади. Иккинчи гипотеза эса иерархик характерга эга бўлиб, у галактикалар таркибий қисмлардан «йиғилган», яъни юлдузларнинг аста-секинлик билан бир ерга ғуж бўлиб тўпланишидан галактика ҳосил бўлган деган қарашни илгари суради. Умуман олганда, олимлар коинотда бир вақтнинг ўзида ушбу ҳар иккала жараён ўзаро уйғун кечган бўлиши мумкин деган фикрни ҳам ўртага ташлаган.

Биринчи сценарийга кўра, галактикалар коинотда мавжуд бўладиган улкан шарсимон газ-чанг моддадан шаклланиши назарда тутилади. Бундай шарсимон тўдалар асосан ўз водород ёқилғисини тугатиб бўлгач, фавқулодда улкан ўлчамларгача шишиб, гигант ва ўта гигантга айланган юлдузлар ўрнида пайдо бўлади. Бироқ коинотда бундай тўдаларнинг ёши бир-биридан кескин фарқ қилиши туфайли ушбу сценарийга унчалик ишонқирашмайди. Сабаби, айрим шарсимон тўдаларнинг ёши бир неча миллиард йилларга тенг бўлса, айримлари ҳали жуда ёшдир. Ёки башарти бу сценарий дуруст бўлса ҳам, унга кўра, галактикалар бир неча босқичларни ўташ орқали жуда узоқ миллионлаб йиллар мобайнида шаклланиши керак.

Иккинчи сценарий эса коинот илк пайдо бўлган замонларда уни лиқ тўлдирган қизиган сийрак қайноқ газнинг аста-секинлик билан қуюқлашиб, совишидан галактикалар юзага келиши назарда тутилади. Лекин ўша илк ҳосил бўла бошлаган протогалактика структуралари ҳозиргилардан ўлчамларига кўра миллионлаб марта катта бўлган бўлиши керак. У модда ҳам борган сари янада қуюқлашиб, марказлашган жойларда, модда зичлиги тобора ортиб, ҳозирда маълум бўлган галактика тўдалари кўринишигача зичлашган дейилади.

Кейин эса ушбу тўдалардан алоҳида-алоҳида галактикалар шаклланиб, ажралиб чиққан. Кейин эса, ушбу галактикаларда юлдузлар чақнай бошлаган ва алоҳида юлдуз тўдалари вужудга келган бўлиши мумкин.

Айтиш жоизки, замонавий астрофизикада айнан шу, иккинчи сценарий кўпроқ обрўга эга.