Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 май куни дронлардан ноқонуний фойдаланганларни озодликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи қонунни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун 4 ноябрдан кучга кирди. Бу ҳақда Spot хабар берди.

Фото: «Gazeta.uz»

Қонунга кўра, Жиноят кодексига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилган.

Мазкур ҳаракатлар такроран ёки ўта хавфли рецидивист томонидан, ўз хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда ёки бир гуруҳ кишилар томонидан олдиндан келишилган ҳолда содир этилганда, ўрта ёки оғир даражадаги тан жароҳати етказишга сабаб бўлганда — уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳаракатлар одам ўлимига, ҳалокатга ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Янги қоидаларнинг кучга кириши муносабати билан Давлат божхона қўмитаси фуқароларни белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилишга чақирди.

Қўмита томонидан хабар берилишича, учувчисиз учиш қурилмаларини, уларнинг қўшимча ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланишга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий этилган. Фақат рухсатномаси бор алоҳида юридик шахсларгина дронлардан фойдаланиши мумкин.

2018 йил май ойида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳлар томонидан учувчисиз учадиган қурилмалар, хусусан, дронларни олиб киришга вақтинча рухсат берилган эди.