«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Уильям Голдингнинг «Пашшалар ҳукмдори» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбэк

Мен бу китоб ҳақида ҳар доим эшитганман, фильмларда, бошқа китобларда, лекин уни ўқишга ўзимни рағбатлантирмаган эдим. Олдос Хакслининг «Ажойиб янги дунё» асарини ўқиб кўргач, менда антиутопия жанридаги романларга қизиқиш кучайган, шундан кейин бу китобни ҳам ўқиб чиққанман.

Китоб енгил ўқилади, ҳеч қандай лексик асоратлар йўқ ва ҳаддан ташқари узоқ чўзилган эмас. Оруэллнинг «1984», «Молхона» каби асарларига қизиқувчилар учун бу асар гўёки вазиятга бошқача янги ракурсдан қарашдай бўлиб туюлади.

Асар ҳақида

Инглиз ёзувчиси, адабиёт соҳасидаги Нобель мукофоти совриндори (1983), Уильям Голдингнинг 1954 йилда нашр этилган «Пашшалар ҳукмдори» китоби. Р.М. Баллантайнининг «Маржон ороли» асарига истеҳзоли шарҳ сифатида ёзилган асардир. Бу роман чоп этилиши жуда қийин бўлган. Faber & Faber нашриёти романнинг ядровий уруш даҳшатларини тасвирлайдиган дастлабки бир нечта саҳифаларини олиб ташлаш шарти билан уни нашр этишга рози бўлишидан олдин қўлёзма йигирма битта нашриёт томонидан рад этилган. Натижада романдаги воқеалар қайси уруш пайтида содир бўлгани ҳақида айтилмаган. Нашр қилинганидан сўнг роман диққатни жалб қилмади (1955 йил ичида АҚШда уч мингтадан кам нусхаси сотилди), аммо бир неча йил ўтгач у энг кўп сотиладиган китоблардан бири бўлди ва 60 йилларнинг бошларида кўплаб коллеж ва мактаблар дастурига киритилди. 2005 йилда Time журнали асарни 1923 йилдан бери чоп этилган инглиз тилидаги 100 та энг яхши роман қаторига киритди. 1990 йилдан 1999 йилгача роман Америка кутубхоналар ассоциацияси томонидан тузилган ХХ асрнинг юзлаб мунозарали китоблари рўйхатида 68-ўринни эгаллади.

Сюжет

Уруш пайтида самолёт ҳалокати натижасида Англиядан эвакуация қилинган бир гуруҳ болалар кимсасиз оролига тушиб қолади. Улар орасида иккитаси етакчи ўрнини эгаллайди: Ральф ва Жек Мэридью (уларнинг исмлари Роберт Баллантайннинг машҳур «Маржон ороли» китобига ишора қилади, унда учта асосий қаҳрамоннинг тўнғичи Ральф ва Жек деб аталган). Оролда Ральф болалар «Чўчқача» деб мазаҳ қиладиган семиз, астматик, аммо мулойим ва ақлли кўзойнак таққан бола билан танишишга муваффақ бўлади; иккинчиси – черков хорининг сардори ва хористлар орасида шубҳасиз обрўга эга. Ральф ғалаба қозонган сайловдан кейин Жек ва унинг хористлари ўзларини овчилар деб эълон қилади.

Уильям Голдинг.
Фото: Wikipedia

Ральф уларни қидираётганлар сезиши ва қутқариши учун кулбалар қуришни ва тоғда олов ёқишни таклиф қилади. Ҳамма уни қўллаб-қувватлайди. Тез орада оролда бирон бир «Маҳлуқ яшайди» деган миш-миш тарқалади. Дарахтда тебраниб турган парашютчининг жасади, болаларнинг фантазияларига жуда қаттиқ таъсир қилади.

Жек ва овчилар ёввойи чўчқаларни овлайди. У тобора Ральфнинг тизгинидан чиқиб кетмоқда. Ниҳоят, Жек қабиладан ажралиб, бошқа болаларни ўз қабиласига қўшилишга таклиф қилади, ов, гўшт ва оролда бошқача «ёввойи» ҳаёт тарзини ваъда қилади. У оролнинг бошқа қисмида яшаш учун жўнайди. Баъзи болалар унинг орқасидан боришади. Шундай қилиб, икки қабила шаклланади.

Маҳлуқнинг ўзига хос ибтидоси ва унга сиғиниш пайдо бўлади. Овчилар уни қурбонликлар ва ёввойи рақслар билан олқишлайди. Бундай рақсларнинг бирида «овчилар» Саймон исмли бир болани ўлдиради. Аста-секин барча болалар «овчилар қабиласига» ўтади. Ральф эса Пигги (Чўчқача) ва эгизаклар Эрик ва Сэм билан қолади. Фақатгина улар ҳали ҳам қутқарилиш учун ягона имконият – қутқарувчиларни жалб қилиш умидида гулхан ёқиш эканини унутмаган эди. Кечаси Жекнинг гуруҳи Ральф ва унинг дўстларига Пиггининг кўзойнагини олиб қўйиш учун ҳужум қилишади. Гўштни қовуриш учун уларга олов керак. Оловни эса фақатгина кўзойнак ёрдамида ёқиш мумкин.

Ральф ва йигитлар кўзойнакни қайтариб олишга умид қилиб Жек томон йўл олади. Ёввойилар Пиггининг устига қоятошдан тош улоқтириб ўлдиради, эгизакларни асирга олади. Ральф ёлғиз қолади. Кўп ўтмай Ральфга ов бошланади. Ралфни ўрмоннинг этакларидан чиқармоқчи бўлган овчилар дарахтларга ўт қўяди. Ўрмонда ёнғин бошланади.

Болалар унга улоқтирган найзаларидан қочиб, Ральф қирғоққа етиб келади. Бу пайтда тутунни кўриб, ҳарбий қутқарувчилар оролга сузиб келишган эди. Уларнинг бошлиғи билан гаплашар экан, Ральф «аввалги беғуборлик, одамнинг қалби қанчалик қоронғи эканлиги, Чўчқача лақабли содиқ донишманд дўсти қандай қилиб ўлгани» ҳақида гапириб йиғлашни бошлайди. Бошқа болалар ҳам йиғлайди. Болаларни қутқарадиган катталар – рамзий маънога эга эди.

Таҳлил

«Пашшалар ҳукмдори» – драматик асар, рамзий маъноларга тўла мазмунга эга, давлат ва жамиятга ҳар жиҳатдан унинг қулашидан тортиб бошқа давлатнинг шаклланишига қадар бўлган ҳодисаларни жуда оддий мисолда ёритиб бериши мумкин бўлган характерга эга. Уильям Голдинг Англияда туғилган, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва у шубҳасиз, гарчи билвосита Биринчи жаҳон уруши оқибатларидан қайғурган. 1983 йилда у «Пашшалар ҳукмдори» асари учун адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Ўқувчи асар тарихини ва муаллиф беришни истаган асл маъносини тушуниш учун Голдинг яшаган даврнинг контексти бўйича билимга эга бўлиши керак. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, у ижтимоий мавжудот бўлган одамларга нисбатан ўз фикрини ўзгартирди. Голдинг одамлар, ҳатто болалар ҳам ёвузлик қилиши мумкинлигига ишонишни бошлади. У ичимизда низолар борлигини инкор қилмади, чунки ёвузлик одамларда бор бўлган биргина ҳиссиёт эмас. Китобда бу белгилар қаҳрамонларда акс этади. Уларнинг ҳар бири ўз ваколатлари билан – виждон, ақл, зўравонлик, тоталитаризм ва бошқалар билан ажралиб туради.

Омон қолганлар ҳар хил ёшдаги болалар эди, уларнинг муносабатлари ва шахсиятлари бир-биридан фарқ қилади, бу муносабатлар орқали биз тарихни ўрганишимиз, бир-бирига ғамхўрлик қилиш учун жавобгар бўлган ва табақаланган жамиятларнинг хусусиятларини жуда оддий мисолларда тушунишимиз мумкин.

Фильмдан кадр

Жамият ва инсон. Бу улар ўртасидаги биринчи учрашувнинг мавзуси эди. У ерда болалар ўзларининг янги раҳбари Ральфга эргашди, у катталар уларни қутқариши ва тирик қолиш учун янги жамиятни ташкил қилишга ҳаракат қилар эди. Бироқ етакчига тартибни сақлаш осон бўлмайди. Сюжетнинг ушбу қисмида муаллиф томонидан Ралфни давлат раҳбари, виждони ва маълум даражада демократияни унда мужассамлантирмоқчи бўлганлиги яққол кўриниб турибди, чунки у кўпчилик томонидан ўз ўрни учун сайланган эди. Бу белгиларнинг барчаси инсонга ёки жамиятга ишора, аллюзия сифатида берилган.

Шу тарзда ўсмирлар ва болаларнинг аксарияти тақдирга тан бериб оролда қолишга ҳаракат қилади. Турли шахсларнинг оролда яшашга бўлган муносабатлари турлича. Баъзилар ов қилиш истагини билдиради, ёш болалар жамиятнинг қолган қисмига ёрдам берадиган функцияларни бажариш учун зарур етукликка эга бўлмаса-да, катталарсиз иложсизликдан бунга мажбур бўлади. Бошқалар фақат қачон қутқарилишига эътибор беради. Бу ғоялар турфа хиллигини Ральф раҳбар сифатида сезмайди, чунки у шунчаки демократиянинг қобиғи, тартиби ва кучи билан ўз жамиятини бирлаштиришга ҳаракат қилади. Бироқ жамият жуда заиф эканлиги аниқ. Бундан фойдаланган бошқа бир лидер Жек маҳлуқ ҳақидаги қўрқинчли хабарларни ўйлаб топади ва беғубор болаларнинг юрагига ғулғула солиб, ўзи эса бундан қўрқмаслигини айтиб, бошқалар ичида обрўсини сунъий равишда ошириб боради.

Ўзларини овчи сифатида тавсифлаганлар Жекка тўлиқ ишонади, чунки қўрқув туфайли улар зарур бўлган хавфсизликни Ральфда кўрмади. Оролда маҳлуқ мавжудлиги муаммоси гуруҳларнинг қарорларига таъсир қилади. Шу вақтдан бошлаб болалар икки гуруҳга бўлинади. Ральф ўзининг гулхан ҳақидаги таклифини давом эттиради. Унинг издошлари ҳам бундай иродага эга эди, аммо Жек жамият онгини заҳарлади. Самарали тартиб ва цивилизацияни бошқаришга қодир катталар йўқлиги сабаб Жек ва бошқа ижтимоий мавжудотлар цивилизациялашмаган диктаторлик шароитида ваҳшийларга айланади.

Кейин фожиа бошланади. Жек бошчилигидаги гуруҳ Саймонга ҳужум қилади ва уни «Пашшалар ҳукмдори» деб эълон қилинган маҳлуқ (сўйилган чўчқа боши) учун қурбонлик қилиш мақсадида ўлдиради. Ёввойилар гуруҳи ваҳшийликларини давом этдиради, Пиггининг кўзойнагини ўғирлайди. Кейин ваҳшийлар, Пиггини ўлдиришдан ташқари, Сэм, Эрик ва Ральфга ҳужум қилади. Ўша жангда эгизаклар ваҳшийлар томонидан қўлга олиниб, Ральф қочишга улгургач, уни ушлаб олиш учун ёввойилар бутун оролни ёқиб юборади. Айнан у қочиб кетаётганда денгиз аскарларини учратишади.

Асарнинг якуний қисмида Уильям Голдинг жуда катта муаммони очиб беради. Агар инсон унинг эҳтиёжларини қондирадиган кучли жамият билан боғланмаган бўлса, табиат ҳолатига ўтиши мумкин. Табиат ҳолатида эса яшашга фақат кучлиларгина ҳақли. Давлатнинг умумий тартиб ва мақсадларга эришиши учун бир нечта йўли бор, аммо у бунга эришмаса, одамлар анархия ҳолатига тушиб қолади, асарда кўрганимиз ўта оғир вазиятда эса ҳаттоки ўзининг барча рационал ривожланиш босқичига қарамасдан, фақатгина яшаб қолиш инстинктлари асосида бошқариладиган ҳайвонга айланиб қолиши мумкин.

Хулоса

Бутун асар биз минг йиллар олдин енгиб чиққан деб ҳисоблаган ваҳшийлик ва зўравонликнинг оқибатларини келтириб чиқарадиган инсоннинг тирик қолиш инстинктига асосланган. Буни акс эттирган ушбу роман, унинг сўнгги сўзларигача бизни бутунлай ром қилишга қодир. Хулоса сифатида шуни айтишим мумкинки, мен мамнунман. Биринчи навбатда, муаллифда ҳикоя қилишнинг ажойиб услуби бор. Ёлғонни ҳақиқатга айлантириш ва ўспиринларда ваҳима пайдо бўлишига қадар жуда реал ифодаланган. Сюжет қандай қилиб қўрқув ақлнинг йўқолишига олиб келишини акс эттиришини яхши кўраман, гарчи уни ўқиш осон бўлса ҳам, менга бу воқеа ақл бовар қилмайдиган ҳодиса бўлиб кўринади. Маҳлуқ одамнинг ўзи экани акс эттирилган. Тит Макций Плавтнинг «Эшаклар» комедиясидаги кучли ибора орқали ушбу асарнинг марказий сюжетини умумлаштириш осон: homo homini lupus est («инсон инсонга бўри»).

Албатта, табиат бешавқат ва Уильям Голдинг уни романда моҳирона кўрсатишга муваффақ бўлган.

Иқтибослар

Агар инсон юзи юқоридан ёки пастдан ёритилганига қараб бутунлай ўзгарса, юзнинг қиймати қанча?

Улар ёнма-ён юришарди – ўзаро алоқа қила олмайдиган, ҳиссиёт ва тушунчаларнинг икки олами;

Агар масъулиятни зиммангизга олсангиз, ўйлашингиз ва доно бўлишингиз керак, ҳамма муаммо шунда;

Уларнинг ичида уст боши кир, кўзлари хиралашган, бурни артилмаган ҳолда турган Ралф, ўзининг аввалги беғуборлиги ҳақида, одамнинг қалби қанчалик қоронғи эканлиги ҳақида ўйлаб йиғлаб юборди;

Мажлис. Биз уни жуда яхши кўрамиз. Ҳар куни. Керак бўлса кунига камида икки марта. Ҳаммамиз суҳбатлашамиз. Ҳозир мен довулни чаламан ва кўрасиз – улар ҳаммаси етиб келади мажлисга. Кимдир айтади – келинглар, самолёт ёки сув ости кемаси ёки телевизор қурайлик. Мажлисдан кейин улар шу мақсадда беш дақиқа ишлайдилар ва тарқаб кетишади ёки овга боради.

Қизиқарли фактлар

- «Даҳшат қироли» Стивен Кинг «Пашшалар ҳукмдори»ни энг севимли романларидан бири деб айтган;

- Кўп гуруҳлар ўз қўшиқларини «Пашшалар ҳукмдори» асари ва Уилям Голдингга бағишлаган. Масалан, машҳур рок группаси – U2 нинг Shadows and Tall Trees қўшиғи, китобнинг «Соялар ва баланд дарахтлар» деб номланган еттинчи бобининг номи билан аталган. Бундан ташқари. The Offspring гуруҳининг You’re Gonna Go Far, Kid ва Iron Maiden гуруҳининг Lord of the Flies деб номланган қўшиқлари мавжуд;

- «Пашшалар ҳукмдори» асарининг илк версиясида асар сюжети оролда бошланмайди, балки болалар ҳалокатга учраган самолёт бортида бошланади. Бундан ташқари, китоб маълум бир сана ва вақт билан «6:00, 2 октябрь 1952 йил бошланган. Кейинчалик, муаллифдан китобда кўрсатилган сана, вақт ва уруш ҳақидаги барча аниқ маълумотномаларни олиб ташлаш сўралган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.