Кембриж университети сайтида синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш учун хизмат қиладиган сунъий япроқ яратилгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Унда таъкидланишича, қазилма ёқилғи ўрнига фойдаланилиши мумкин бўлган синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқара оладиган ва бунда Қуёш нурлари ва сувдан фойдаланган ҳолда ҳаводаги карбонат ангидридни қайта ишлайдиган технология ишлаб чиқилган экан. Бу ҳақдаги батафсил илмий мақолани Кембриж университети кимё факультети профессори Эрвин Райснер бошчилигидаги илмий гуруҳ Nature Materials журналида эълон қилган.

Фото: Кембриж университети

Айтиш жоизки, табиатдаги энг муҳим физик-кимёвий жараёнлардан бири – фотосинтез жараёни айнан шундай ишлайди ва япроқ ва барглар, шу тарзда карбонат ангидридни ютиб, ўсимликларда Қуёш энергиясини ғамлайди. Шунга кўра, моҳиятан Кембриж олимлари сунъий япроқ яратган дейиш ўринли бўлади. Умуман олганда, Райснер ўз интервьюсида айнан фотосинтез жараёнидан илҳомланганини таъкидлаган.

Ҳозирда мавжуд шунга ўхшаш технологиялардан фақрли ўлароқ, Кембриж олимлари таклиф қилаётган усулда олинган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш жараёни атмосферага углерод оксидларини чиқарилишини истисно қилиши билан диққатга сазовордир.

Синтетик ёқилғи олиш учун аввал сунъий япроқда синтез-газ олинади. Ҳозирда хом ашё сифатидаги синтез-газга талаб фармацевтика, ёқилғи, пластмасса ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш соҳаларида мавжуд. Сунъий япроқда ёруғликни ютувчи иккита пластина мавжуд ва ушбу пластиналар худди япроқлар сингари Қуёш нурларини тутади ва ютади. Жараёнда, шунингдек, кобалт элементидан тайёрланган катализатор ҳам иштирок этади.

Сунъий япроқ сувга ботирилганида, ундаги нур ютувчилардан бири катализатор ёрдамида кислород чиқара бошлайди. Иккинчи нур ютувчи эса карбонат ангидриддан ис гази ва водород ҳосил қиладиган кимёвий реакцияни юзага келтиради ва жараёнда синтез-газ ажралиб чиқади.

Бундай сунъий япроқ нур ютувчилари Қуёшсиз кунда ва ҳатто ёмғирли шароитда ҳам ишлай олиши даъво қилинмоқда.

Мақола муаллифларидан бири Виржил Андрей бу ҳақда «бу демакки, сунъий япроқдан фақат Қуёшли иссиқ ўлкаларда ёки фақат ёз ойларида фойдаланиш мумкин деган қарашни йўққа чиқаради ва сиз уни исталган жойда, саҳардан шомгача бўлган вақтда қўллашингиз мумкин», деб айтган.

Тадқиқотлар университетга қарашли Кристиан Допплер номли лабораторияда олиб борилган ва, энг қизиғи, лаборатория ва умуман ушбу илмий текшириш Австриядаги OMV номли нефть-кимё компанияси томонидан молиялаштирилган. OMV – қазилма ёқилғи ўрнига соф экологик синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бизнесини йўлга қўйишни режа қилган йирик корпорация бўлиб, яқин келажакда қазилма ёнилғидан фойдаланишнинг камайиши ва хусусан атмосферага ташланаётган углерод оксидлари миқдорини камайтириш усуллари юзасидан фундаментал тадқиқотларга ҳомийлик қилиш орқали бу борада пешқадам бизнес бошламоқчи эканини фирма бошлиқларидан бири Дитер Ульрих алоҳида айтиб ўтган.

«Сунъий япроқ» технологияси бошқа институтлар томонидан аввал ҳам яратилган, бироқ уларнинг сунъий япроғи фақат водород ишлаб чиқаришга мўлжалланган эди. Кембриждагилар эса нур ютувчи материаллар ва катализаторнинг янги авлодини ўзаро муваффақиятли уйғунлаштирла олганликлари туфайли синтез-газ олишга эришилгани айтилмоқда. Юқори фотоэлектрик кучланишни ҳосил қилиб бера оладиган нур ютувчидан ташқари, янги технологиянинг новаторлик жиҳати, айнан кобалт катализаторини қўлланишида намоён бўлган. Кобалт бошқа металл катализаторлар, хусусан платина ва ёки кумушдан анча арзон бўлиши билан биргаликда, углерод оксидини ажратиш борасида ҳам улардан устун туради.

Эндиликда илмий гуруҳ ушбу синтез-газни арзон синтетик суюқ ёқилғига айлантириш масаласида иш бошлаган. Рейснернинг таъкидлашича, Қуёш ва шамол энергетикаси ва шунга ўхшаш бошқа муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш тарғиб этилаётган бир замонда барибир суюқ ёқилғига талаб сақланиб қолади. Чунки, биринчидан, электроэнергия ҳозирда жаҳон бўйлаб энергия истеъмолининг 25 фоиз атрофидаги қисмини қондирмоқда холос; қолаверса, оғир авиация ва кема қатновлари учун электр энергиясини ва муқобил энергетикани қўллаб бўлмайди. Улар учун барибир суюқ ёнилғи зарур бўлиб қолаверади.

Музаффар Қосимов тайёрлади.