Россиянинг Приморье ўлкасида йўлбарс ҳужумига учраган овчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Ҳудуддаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларидан бири йўлбарснинг Кроуновка қишлоғи яқинида эркакка ҳужум қилгани ва овчининг ўз милтиғидан ҳавога бир нечта ўқ узиб йиртқич чангалидан қутулиб қолганини маълум қилди. Овчи шифохонага ётқизилган.

Полиция вакилининг сўзларига кўра, жабрланувчининг қурол олиб юриш ва ов қилишга рухсатномаси бор. Бу борада тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Аввал Россиядаги сайёр-цирк томошаси вақтида айиқнинг ҳайвон ўргатувчига ҳужум қилгани, шунингдек, АҚШда ярадор буғунинг ўзини ўлганга солиб якунда овчини ҳалок этгани хабар қилинганди.