АҚШ Эроннинг 9 нафар фуқаросини санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

Фото: Reuters

Қўшма Штатларнинг молия вазирлигига кўра, мазкур шахслар Оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан тайинланган ёки унинг манфаатлари доирасида фаолият юритади. Улар орасида Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Багирий ва Оятуллоҳнинг ўғли Мужтабо Хоманаий ҳам бор.

«Бу ҳаракатлар Али Хоманийнинг ҳарбий ва хорижий маслаҳатчилари тармоғига маблағлар келиб тушишининг олдини олишга қаратилган», — дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик ушбу қарор АҚШнинг Эрондаги элчихонаси қўлга олинганига 40 йил тўлган санада қабул қилинганини эслатган. 1979 йил 4 ноябрда Теҳрондаги элчихона талабалар гуруҳлари аъзолари томонидан ишғол қилиниб, 50 нафардан ортиқ америкалик дипломат ва фуқаролар 444 кун давомида тутқунликда ушлаб турилган.