АҚШ 4 ноябрь, душанба куни иқлим бўйича Париж келишувидан расман чиқиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда Қўшма Штатлар давлат котиби Майкл Помпео маълум қилган, дея хабар беради «ТАСС».

Фото: АP

«АҚШ Париж келишувидан чиқиш жараёнини бошлади. Келишув шартларига кўра, Қўшма Штатлар бу ҳақда БМТга расмий билдирув юборди. Келишувдан чиқиш билдирув юборилганидан бир йил ўтиб амалга оширилади», — дейилади Помпеонинг баёнотида.

Помпеонинг таъкидлашича, АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдаги ишчилар, бизнес ва солиқ тўловчиларга шаффоф бўлмаган иқтисодий мажбуриятларни юкловчи ушбу келишувдан чиқиш қарори ҳақида 2017 йил 1 июндаёқ маълум қилган.

«АҚШ шундоқ ҳам зарарли ташланмаларнинг барча турларини қисқартирди. Бу кўрсаткич 1970 йилдан 2018 йилгача 74 фоизга, парник газлари ташланмалари эса 2005 йилдан 2017 йилгача 13 фоизга қисқарди», — дейилади баёнотда.