Бағдодда ва Ироқнинг бошқа вилоятларида мамлакатда давом этаётган норозилик намойишларининг кучайгани сабаб интернет ўчириб қўйилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: ABC

Хабарга кўра Бағдод, Басра, Карбало ва бошқа шаҳарларда яшовчи миллионлаб одамлар бутунжаҳон халқаро тармоғидан узилиб қолган. Интернет ўчириб қўйилган ҳудудлар қамрови аввалгидан кенгайган ва 1 октябрда бошланган намойишлардан бери мамлакат шимолидаги курдлар жойлашган ҳудудлардан ташқари барча ерларда интернет ўчган.

Ироқдаги ҳукуматга қарши намойишлар 1 октябрда бошланган. 2 октябрда Ироқ ҳудудининг 75 фоиз қисмида интернет ўчириб қўйилган ва 11 октябрда қайта ишга туширилганди. Ироқдаги намойишларнинг биринчи босқичида кучишлатар тизим ҳамда халқ ўртасидаги тўқнашувлар натижасида 157 нафар одам: 149 нафар фуқаро ва 8 нафар хавфсизлик хизмати ходимлари ҳалок бўлган, қарийб 3,5 минг одам турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Маълум вақт танаффусдан сўнг яна қайта бошланган норозиликларда полиция ҳамда халқ ўртасида кучли тўқнашувлар кузатилмоқда. Намойишчилар вилоятлардаги сиёсий партиялар офислари, маҳаллий ҳокимликлар ва дипломатик ваколатхоналар биноларини ёқишга урингани ва уларнинг айримларига ўт қўйгани, Ироқдаги намойишларда ҳалок бўлганлар сони 250 нафардан ошгани хабар қилинган. Ал Сумариа телеканали маълумотига кўра интернетни ўчириб қўйиш Ироқ ҳукуматига 1 миллиард АҚШ долларига тушган.