Косон туманидаги 6-мактаб ўқувчиси 2018 йил 10 май куни 15 ёшида фарзандли бўлди. ДНК хулосасига кўра, чақалоқнинг отаси — гумонланган шахс Б.Б. эмас, А.Ж. бўлиб чиқди. Янаям ажабланарлиси, суд тиббий экспертиза мутахассислари А.Ж.нинг эркаклигида муаммо борлигини айтмоқда.

Косон тумани 6-ўрта мактаб.
Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев жумбоқли вазият тафсилотларини ўрганди.

— Ўқувчим ҳомиладор эканлигини 2018 йилнинг май ойларида билдим, — дейди фарзанд кўрган ўқувчининг синф раҳбари Моҳира Жонқувватова. – Шу пайтга қадар умуман сезилмаган. Маҳаллада гап-сўз тарқалгач, уйларига бориб онасидан сўрадим. Онаси буни рад этди. Шунчаки мазаси йўқлигини айтиб, қизининг соғлиғидаги муаммоларга ўзи жавобгарлигини билдирди. Ўқувчим умуман дарс қолдирмасди, ўша пайтда 4 кун дарсга келмади.

«Дарё» мухбири билан суҳбатда бўлган ўқитувчилар Қундуз Нарзуллаева, Гулсара Қосимова, Гулноза Қаландаровалар ҳамда директор ўринбосари Бекзод Баҳоровлар ҳам воқеадан 2018 йил май ойларида хабар топишганини, унга қадар ўқувчи қизнинг ҳомиласи ҳақида маълум бўлмаганини билдирмоқда.

— Бир куни котибам ёнимга келиб, «домла сизга бир хабарни айтишим керак, ўқувчимиз Н.Б. ҳомиладор бўлиб қолибди», деди, — дейди мактаб директори Озода Давронова. – Аввалига эсанкираб қолдим. Сўнгра ўқувчимизни чақириб, вазиятни билмоқчи бўлдим. 46 йиллик иш тажрибасига эга педагог Ойсара Итолмасовани чақириб, маслаҳат сўрадим. Ўқувчининг ҳомиладорлиги кўринишидан сезилмасди. Шу боисдан унинг аҳволини сўрадик. Қиз мазаси йўқлигини, шифокорга боришганида, кўричак дейишганини айтди. Сўнгра қизнинг онаси билан ҳам гаплашдим. Онаси бор гапни айтди ва «ҳеч кимга айтманг, бу ерда қизимнинг шаъни турибди», деди. Аммо мен туман халқ таълими бўлими мудири — раҳбаримга бу ҳақда хабар бердим.

Озода Давронова.
Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, ўқувчи қизнинг фарзанд кўриш воқеаси яширилган. Ҳеч кимга хабар берилмаган.

Ўқувчи қизнинг Гавҳар исмли холаси воқеанинг ҳеч кимга хабар берилмаслигини шундай изоҳлади.

— Ўша пайт прокуратура ёки ички ишларга хабар берамиз деганимизда мактаб директори бизни қўрқитди, — дейди қизнинг холаси. — Директор депутат ҳам экан-да. Шу сабабдан ҳеч кимга мурожаат қилолмадик. Қўрқдик. Қолаверса, ўша воқеадан сўнг опамнинг соғлиғи ёмонлашиб қолди. Опам билан овора бўлиб қолдик.

Аниқланишича, воқеа хусусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга жабрланувчилар эмас, мактаб ўқитувчилари хабар берган. Ўқитувчилар директор Озода Давронова ҳаракатидан норози бўлган.

— 2019 йил март ойида мактаб директоридан норози ўқитувчилар Бош прокуратурага мурожаат қилишган ва шикоят хатларида ушбу воқеа хусусида ҳам ёзишган, — дейди Косон туман ИИБ терговчиси Нодир Муродов. – Шундан сўнг, туман прокуратураси томонидан фуқаро Б.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатларини олиб бориш туман ИИБга юклатилган.

Косон туман ИИБ.
Фото: «Дарё»

Терговчининг айтишича, туман прокуратураси томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатларида ўқувчи қиз Н.Б. дунёга келтирган фарзандининг отаси Б.Б. эканлигини айтган. Шундан сўнг, Б.Б.га иш очилиб, суриштирув жараёнлари бошланган.

— Қўшним бўлиб ўтган воқеани айтиб, қизининг дунёга келтиражак фарзанди менинг ўғлимдан эканлигини айтгач, барча масъулиятни зиммамга олдим, — дейди оталикда гумонланган Б.Б.нинг онаси М.Б. – Ҳатто фарзандларимизни унаштириб ҳам қўйдик. Мактабни тугатгач, 2020 йил тўй қилиб тушириб олишга келишдик. Аммо туғруқ вақти яқинлашгач, қизнинг онаси менга «тўй қилишиз шартмас, боладан қутулсак бўлди», деди.

М.Б.нинг «Дарё» мухбирига айтишича, туғруқ вақти яқинлашгач, ўқувчи қиз Н.Б.нинг онаси Н.Р. чақалоқдан қутилиш таклифини бергач, М.Б. таклифга асосан иш кўради. Шу сабаб тўй масаласи ҳам тўхтайди.

Режага кўра, 2018 йил 10 май куни туғилган қиз фарзанд туғруқхона ходими билан келишилган ҳолда, туғруқхонада ташлаб кетилган. Сўнгра кўчадан топилди қилиниб, бошқа оилага фарзандликка берилган.

Косон туман туғуруқхонаси.
Фото: «Дарё»

— Бола туғилгач, уни туғруқхонада қолдириб, уйга қайтдик, — дейди М.Б. – Боланинг кейинги тақдиридан хабарим йўқ.

Тергов-суриштирув жараёнларида чақалоқ топилган. Айни кунда чақалоқ ўзга хонадон фарзанди ҳисобланади.

— 2019 йилнинг июнь ойида чақалоқни топдик, — дейди терговчи. – Шундан сўнг ДНК текширувини ўтказдик. Натижа 23 июль куни чиқди. Аммо оталикда гумонланган Б.Б. чақалоқнинг биологик отаси бўлиб чиқмади. Шундан сўнг, яна суриштирув жараёнларини давом эттирдик. Оталикда гумонланган Б.Б.нинг маълумот беришича, ўқувчи қиз Н.Б. билан А.Ж., А.О. исмли шахслар ҳам яқин муносабатда бўлган. А.Ж. ва А.О.ларга нисбатан ҳам ДНК текшируви ўтказилди ва натижада А.Ж. чақалоқнинг биологик отаси бўлиб чиқди.

Чақалоқнинг отаси бўлиб чиққан А.Ж. эса «Дарё» мухбири билан суҳбатда бу унга қўйилаётган катта айблов эканлигини, эркаклик қуввати суст бўлгани боис ҳам турмуш ўртоғи уни ташлаб кетганини айтмоқда.

— Уят бўлса ҳам айтаман, менда эркаклик қуввати суст, деярли йўқ, шу боис ҳам гулдек аёлим қиз ҳолатида мени ташлаб кетган, — дейди А.Ж. – Аммо терговчи менга ишонмади ва суд тиббий экспертизасига олиб борди. Кун давомида ҳар хил таблеткалар ичириб, мендаги хоҳишни уйғотмоқчи бўлишди. Аммо фойдаси бўлмади. Укол ҳам қилишди. Барибир натижа чиқмади. Шундай бўлса-да, чақалоқнинг отаси мен эканлигимни айтишмоқда.

Терговчининг маълумот беришича суд тиббий экспертиза хулосасида А.Ж.да ҳозирги кунда ҳақиқатан ҳам эркаклик қуввати сустлиги аниқланган.

— Бироқ экспертиза хулосасида А.Ж.да 2016–2018 йиллар давомида эркаклик қуввати мавжуд бўлгани айтилган, — дейди Нодир Муродов. – Воқеа эса 2017 йил август ойида бўлган. Қолаверса, ДНК текшируви 99 фоиз аниқ маълумот беради. Шу боисдан ҳам чақалоқнинг отаси А.Ж. бўлган деган хулосага келганмиз.

А.Ж.нинг айтишича, у 2016 йил ноябрь ойида оила қурган. Тўйдан 3 ой ўтгач, 2017 йил февраль ойида турмуш ўртоғи уни ташлаб кетган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддиновнинг «Дарё»га берган маълумотида айтилишича, ўқувчи қиз фарзандини 2018 йил 11 май куни дунёга келтирган. 2019 йил 7 октябрда Б.Б. ва А.Ж. Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида кўрсатилан жиноятни содир қилганлиги ўз тасдиғини топиб, улар Н.Б. билан 2017 йил август ойида жинсий алоқада бўлганлиги аниқланган. Бироқ Жиноят кодексининг 64-моддаси 1-қисми «а» банди, яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс жиноят содир этган кундан бошлаб икки йил муддат ўтган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши принципига асосан айблилик масаласини ҳал қилинмай туриб жиноят иши тугатилган.

ИИБ терговчиси Нодир Муродов «Дарё» мухбирининг «ўқувчи қизнинг номусига тегиш ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят сирасига кирадими?», — дея берган саволига шундай жавоб берди.

— Ўқувчи қиз билан бўлиб ўтган воқеа Жиноят кодексининг 128-моддасига кўра, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ҳисобланади, — дейди Нодир Муродов. – Минг таассуфки, бу ҳолат Б.Б. билан бир неча марта такрорланган. Қолаверса, Н.Б. фақатгина Б.Б. билан эмас, бир неча киши билан яқинлик қилгани айтиляпти. Энг ёмони, ўқувчи қиз ҳам яқинлари ҳам бу ҳақда шикоят қилмаган. Яъни зўрлаш аломатлари мавжуд бирор бир далил йўқ. Шунинг учун ҳам ушбу ҳолат ҳар икки томон розилиги билан амалга оширилган деган қараш мавжуд.

Нодир Муродов.
Фото: «Дарё»

Мактаб раҳбарияти «Дарё» мухбирига ўқувчи қиз Н.Б. томонидан 2019 йил 10 апрель куни мактаб директори номига ёзилган тушунтириш хатини тақдим этди. Унда ёзилишича, ўқувчи қиз 2017 йил июль ойида момосиникига борганда, энг аввало, холасининг ўғли А.О. исмли қариндоши билан, сўнгра А.Ж. билан ундан кейин эса Б.Б. билан яқинлик қилганини ёзади.

Ушбу тушунтириш хатини қизнинг ўзи ёзганми ёки йўқми буниси бизга қоронғи.

ИИБ терговчисининг қўшимча қилишича, ушбу ҳолатдан ўз вақтида хабар топган, аммо мутасадди ташкилотларга хабар бермаган мактаб раҳбарияти, туман ХТБ масъуллари ва Косон туман туғруқ комплекси раҳбариятининг хатти-ҳаракатига нисбатан чора кўрилишини сўраб туман ИИБ томонидан прокуратурага тақдимнома киритилган.