«Ўзбеккино» миллий агентлигида давлат буюртмаси асосида суратга олинган фильмларнинг давлат ва нодавлат телеканалларда намойиши масалаларига бағишланган Бадиий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ҳам иштирок этди.

Фото: «Кино санъати»

Режиссёр Зулфиқор Мусоқов 29 йилдан буён фильмлари давлат телеканалларида намойиш қилиниши ва фильмларининг муҳим эпизодлари асоссиз ва кулгили сабаблар билан кесилаётгани ҳақида гапирди.

Яхшими, ёмонми 29  йил мобайнида ҳамма каналларда фильмларим кўрсатилган. Бунга хурсанд бўлиш керак, лекин тўла хурсанд бўлмаганман. Чунки бадиий кенгашда ‘Ўзбеккино’ томонидан тасдиқланган, давлатни мулки ҳисобланган фильмларни қўпол равишда кесиб беришди. Баъзи бир жойларда бутун бир эпизодни кесишди. Бирорта ‘кесилмаган’ фильмим йўқ. Ҳатто ‘Ватан’ фильми ҳам кесиб берилди.

Мана яқиндагина очилган ‘Ўзбекистон тарихи’ каналида кесиб берилди, жоним чиқиб кетди. ‘Берлин—Оққўрғон’ фильми мазмунини йўқотди. Севишганлар қизил мато остида, биринчи бўса олаётган жойини шундай олиб қирқиб ташлашган. Ҳалиги, кичкина бола кираётганда, қизил немис байроғини кесиб ташлашди. Кейин тоғаси чавақланиб ётган жойини кўрсатмаган, қайси аҳмоқ қилган?! Эски бир танишим телефон қилиб, ‘менинг номимни айтманг, бу тепадан чиққан буйруқ’ деди. Нимага? Ҳозир сабабини билсанглар, йиқилиб тушасизлар. Эмишки, немислар байроғи катталиги бўйича бизнинг ‘Халқлар дўстлиги’ олдидаги байроқдан ҳам катта бўлиб қолган эмиш. Бу қанақа аҳмоқгарчилик?! Мен олдин ҳам учрашганман, Хўжаев деган одам. Нима қиляпти десам, уларни гапи, ‘Қўлимда 3000 та одам бор, аҳмоқлар бор’ дейди. ‘Йўқ, кечириб қўйибсиз, эфирга сиз жавоб берасиз’ дедим. Қаттиқ гаплашганман. Отабек ёнимда турган эди ўшанда.

Лекин бу ерда битта масала бор. Бизнинг бевосита раҳбариятимиз, 30 йил мобайнида қайси бошлиққа айтмай, ‘қўйсанг-чи, телевидение билан алоқамиз ёмон, телевидение билан урушиб қолганмиз, улар билан қандайдир ‘даговоримиз’ бор, 30 секундлик рекламани беришимиз керак’ дейишади. Мен айтдимки, бозорми бу? Улар бошқа давлатда яшайдими, уларнинг бундай қилишга нима ҳаққи бор ?

Зулфиқор Мусоқов, Ўзбекистон санъат арбоби, кинорежиссёр