Самарқанд шаҳри Қорасув даҳасида қурилаётган кўп қаватли уйларда устачилик қилаётган беш киши 4 ноябрь, душанба куни ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилди.

Хабар берилишича, 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 23:30 да Самарқанд шаҳар Қорасув даҳаси «Обод маскан» МФЙ ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уй-жой қурилишида ишлаётган беш нафар уста ётоқхона сифатида фойдаланилаётган хонани иситиш мақсадида темир идишда ўтин чўғини хонага олиб кириб ухлаган. Натижада, улар ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.

Беморларга ис газидан ўткир заҳарланиш ташхиси қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразмда бир оиланинг тўрт аъзоси, Фарғонада бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этгани, Самарқандда эса эр-хотин ис газидан заҳарланиб, бири вафот этгани, иккинчиси эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.