Сингапурда кўнгилсиз ҳолатлар ҳаддан зиёд кўп содир бўлгани туфайли тротуарларда электросамокатлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди, дея хабар берди «РИА Новости».

Фото: Embassy Alliance

Энди мамлакат ҳудудида фақат Сингапур паркларини боғлаб турувчи велосипедлар учун махсус йўлаклар, югуриш ва велоспорт махсус йўлларида электросамокатда учишга рухсат этилади. Ушбу қоидага бўйсунмаганлар 2 минг доллар миқдорида жаримага тортилади ёки уч ойгача озодликдан маҳрум қилинади.

«Электросамокатлардан тротуарларда фойдаланишни тақиқлаш шунчаки амалга оширилган чора эмас. Ушбу муҳим қарор пиёдаларнинг жамоат йўлларида хавфсиз юра олиши учун чиқарилди», — дея таъкидлаган Парламентдаги транспорт катта вазири Лам Пин Мин.

Вазир мамлакатда велоинфротузилма билан биргаликда электросамокатларда хавфсиз ҳаракатланиш учун ҳам шароитлар яратилиши ва яхшиланишини билдирди.

Япония, Германия ва Францияда ҳам тротуарларда электросамокатлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган.