Аввалроқ, Санкт-Петербургдан Урганчга учаётган самолёт йўловчилардан биринининг ўзини ноқулай ҳис қилгани учун Самара аэропортига фавқулодда қўнгани ҳақида хабар берилганди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг ёзишича, ушбу йўловчи Ўзбекистонга таксида йўлга чиққан.

Фото: Sputnik

«Тез тиббий ёрдам шифокорлари соғлиғининг ёмонлашиши хавфи туфайли кўрсатилган йўловчига парвозни давом эттиришни тавсия қилмагани сабаб самолёт Урганчга парвозини давом эттирган. Шу сабабли йўловчи Ташқи меҳнат миграция хизмати уни ватанга қайтариш масаласини ҳал қилишга тайёр бўлганига қарамасдан, ўша куннинг ўзидаёқ Ўзбекистон томон таксида йўлга чиққан», — дейилди хабарда.

Маълум бўлишича, йўловчи қон босими ошиши туфайли ўзини ёмон ҳис қилган. Самара аэропортида самолётни реанимация ва тез ёрдам машиналари кутиб олган, йўловчига керакли ёрдам кўрсатилган ва у шифохонага жойлаштирилган. Самолёт эса 4 ноябрь куни соат 14:20 да ўз парвозини давом эттирган.

Таъкидлаш керакки, бу каби фавқулодда қўнишлар биринчи маротаба эмас. Хусусан, октябрь ойининг ўрталарида Фарғонадан Москвага парвоз пайти йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қилгани учун самолёт Самарада фавқулодда қўнишни амалга оширганди. Uzbekistan airways’нинг Тошкентдан Санкт-Петербургга учган самолёти ҳам йўловчилардан бирининг саломатлиги ёмонлашгани сабаб Қозон шаҳридаги аэропортга қўнишга мажбур бўлганди. Орадан бир кун ўтиб, «Москва—Пхукет» бўйича учган Boeing маст йўловчи сабаб Тошкентга қўнганди.