Туркия ҳукумати ИШИД собиқ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг опаси Расмия Авад ва унинг оила аъзолари қўлга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: IBTimes India

65 ёшли Расмия Авад 4 ноябрь куни оқшом пайти Сурия шимолидаги Алеппо вилоятининг Азаз шаҳрида қўлга олинди. Авад ташкилот аъзолари билан алоқа қилганликда айбланмоқда.

Расмия Авад
Фото: The National

«Бундай одамларни топиб ҳибсга олиш разведка учун олтинга тенг ҳаракат. Авад ИШИД ҳақида билган маълумотлар ташкилот ҳақидаги ахборотларни таҳлил қилиш ва қолган террорчиларни ҳам қўлга туширишда бизга асқотади», — дея таъкидлаган Reuters ҳамда АП нашрларига хабар берган Туркия ҳукумати вакили.

Расмия Авад билан биргаликда унинг эри, беш нафар фарзанди ва келини ҳам ҳибсга олинган. Вояга етган фарзандлар сўроқ қилинган.

Абу Бакр Ал-Бағдодий 27 октябрда Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ ҳарбийларининг ҳаводан йўллаган ҳужуми натижасида ўлган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлаган. ИШИД собиқ раҳбарининг жасади қолдиқлари денгизга оқизилиши ва ташкилот раҳбарлигини келиб чиқиши туркман миллатига мансуб ироқлик собиқ зобит Абдулла Қардош эгаллаши тахмин қилинганди. Кейинчалик ИШИД вакиллари ҳам раҳнамо ҳалок бўлганлигини тасдиқлади ва АҚШдан қасос олишни ваъда берди. Бағдодийнинг ўрнини Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший эгаллаган ва ИШИДга янги раҳбар бўлган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.