Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 4 ноябрь, душанба куни вилоятлар ҳокимлари билан видеоселектор йиғилиши ўтказган. Видеоселекторда президентнинг ўғли ва Ахал вилояти ҳокими Сердар Бердимуҳамедов ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудудда пахта режасининг бажарилганлигини маълум қилган, деб ёзмоқда «Хроника Туркменистана».

Фото: Belsat

Нашрнинг ёзишича, Ахал вилояти ҳокими ҳисоботи давомида пахта даласида ҳали ҳам ҳосил борлиги ва теримнинг давом этаётганини маълум қилган.

Президент вилоят раҳбариятига Ахалда ҳосил байрамини ташкил этиш ва тантана давомида ўзини кўрсатган пахтакорларни муносиб рағбатлантириш ҳақида топшириқ берган.

Сердар Бердимуҳамедов
Фото: «Хроника Туркменистана»

Ахал вилоятида режа бўйича 207 минг тонна пахта териб олиш белгиланган, Туркманистондаги умумий режа эса – 1 миллион 50 минг тонна.

Ахал вилояти пахта режасини бажариши учун бошқа ҳудудларда ёлланма деҳқонлар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар жалб қилинаётгани маълум қилинган. Туркманистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари талвасага тушиб қолгани, мамлакатда пахта режаси тўлиқ бажарилмаслиги ҳақида президентга қандай ҳисобот қилиш ҳақида бош қотираётгани, бу йил ҳам 2018 йилдаги каби пахта режаси 50 фоиздан паст кўрсаткичда бажарилиши хабар қилинганди.