Одамзот коинотни анчадан буён кузатади. Қадимги мунажжимлардан бошлаб энг замонавий космик расадхоналаргача бўлган фазовий кузатувларимиз бизга коинот ҳақида жуда кўп билимларни тақдим этган. Бироқ коинотда ҳозирги энг тараққий этган илмий технологияларимиз ҳам тагига ета олмаётган сир-асрорлар борки, мақолада уларнинг энг асосийлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Фото: Google Photos

1. Қуёшдан 50 астрономик бирлик масофасида, яъни Койпер белбоғи тугайдиган жойда нима сабабдандир йирик объектлар сони кескин ортади. Ўша жойда бундай йирик объектлар сони 50 астрономик бирликдан аввалгидан тахминан 2 марта кўпаяди. Бунинг астрономлар тушунтириб бера оладиган тайинли изоҳи йўқ. Мантиқан қаралганда, Қуёшдан бу қадар олислашганда фазода осмон жисмлари сони сийраклашиб, уларнинг ўлчами ҳам кичиклашиши керак. Лекин биз айтган мисол бу мантиққа тўғри келмайди.

2. Қуёш тожининг қизиши. Бу, ҳақиқатан ҳам, кўп йиллардан бери энг ўткир астрофизикларни ҳам ўйлантириб келаётган феномендир. Чунки Қуёш тожи Қуёш сиртидан ташқарига чиққан, қайноқ плазма билан тўлдирилган соҳа бўлиб, лекин негадир айнан тож ҳарорати миллионлаб даражагача қизийди. Ваҳоланки, Қуёш сиртининг ўзида ҳарорат 6000 даража атрофида холос. Албатта, олимларда Қуёш тожидаги магнитодинамика шундай жараёнга сабаб бўлиши ҳақида умумий тушунчаларга эгалар. Бироқ феноменнинг моҳияти ҳануз илм-фандан панада қолиб келмоқда.

3. Ферми шишлари – нисбатан яқинда (2010 йилда) очилган космик ҳодисот бўлиб, ўшанда FERMI/LAT расадхонаси галактикамизнинг юқорироғида жойлашган ғалати структураларни қайд этган эди. Ушбу структура ўзидан гамма ва рентген нурлари таратади. Лекин бу объект ўзи нима экани, қандай тузилгани ва ўзини қандай тутишини ҳеч қандай илмий назария айтиб бера олмаяпти. Афтидан, бу бизнинг галактикамиздаги қора туйнукнинг бир замонлар ён-атрофдаги бошқа галактикаларга қилган таъсири маҳсули бўлса керак. Бизда шу каби тахминлар бор, холос.

4. Ферми парадокси – хўш, қани улар? Бу коинотда Ерда бошқа жойларда ҳаёт борми ёки йўқми деган саволни ўртага ташловчи парадоксдир. Унга кўра, коинотда аниқланган ҳозирги фанга маълум триллионлаб галактикалардаги миллиардлаб юлдузлардан атиги 0,001% қисмида Ерга ўхшаш шароитларга эга сайёра бўлиб, ундан атиги 0,001% қисмида ҳаёт бўлганида ҳам ва ундан атиги 0,001% қисмида ҳаёт онгли мавжудотлар даражасигача ривожланган бўлган тақдирда ҳозирда биз коинотда камида юзлаб ўзга сайёраликларга дуч келган бўлардик. Лекин уларни шу чоғгача кўрмадик, пайқамадик. Хўш, улар қаерда? Ушбу савол, шубҳасизки, нафақат астрономлар учун, балки барча учун ҳам бирдек қизиқ синоат бўлса керак.

5. Мавҳум материя ва мавҳум энергия. Бу масала нафақат замонавий астрономиянинг, балки бутун бошли физиканинг энг марказий масалаларидан биридир. Биз ҳозирда қўлимиз билан ушлаб, кўзимиз билан кўриб, ҳис қила оладиган материя коинотда атиги 5% улушни ташкил қилади, холос. Қолган 95% коинот моддаси эса олимлар нималигини била олмаётган сирли ва мавҳум материя ҳамда мавҳум энергиядан иборат. Жаҳоннинг энг етакчи илмий даргоҳларида олимлар айнан шу икки феноменни «тутиш», «пайқаш» устида изланмоқдалар. Бироқ унинг сирини ҳозирча ҳеч ким очолмади.

6. Ўта янгилар қандай портлайди? Юлдуз ҳаётининг сўнги босқичида коллапсга учраб, ўта янги сифатида портлайди. Бу жараённинг назарий асосларини астрофизиклар нисбатан яхши билишади, бироқ коллапс айнан қачон ва қайси босқичда тўхтаб, фавқулодда кучли портлашга айланишини тушунишга фан ҳамон ожиздир. Айтишларича, сўнги ойларда эълон қилинган илмий мақолалардан бирида олимлар бунинг тагига етишганини эълон қилинганмиш. Агар бу рост бўлса, демак, коинот сирлари биттага камайди деб ҳисоблашимиз мумкин.

7. Гамма-чақнашлари табиати. Гамма чақнашларида коинотга бир неча лаҳза ёки кўпи билан бир неча соат ичида шу даражада катта миқдорда энергия сочилиб тарқалиб кетадики, ушбу энергия миқдори Қуёш бутун умр ишлаб чиқарган энергия миқдоридан ҳам ортиқ бўлади. Бундай ўта кучли гамма чақнаш энергия нурланишларини қаердан олиши механизмининг сири номаълум.

8. Модда-антимодда асимметрияси. Физикадан бохабар одамлар билишса керак, табиатда барча заррачага заряд ишораси қарама-қарши бўлган антизарра тўғри келади. Масалан, манфий зарядли электроннинг мусбат зарядга эга позитрон номли симметрик жуфти бор. Бироқ коинотда бизга таниш оддий антимоддадан кўра кўпроқдир. Яъни уларнинг ўзаро пропорсиясида оддий модда кўплик қилади ва симметрия яққол бузилади. Балки коинотнинг бизга номаълум узоқ сарҳадларида фақат антимоддадан тузилган материя (юлдуз, сайёра ва ҳоказо) тиқилиб ётгандир. Лекин бу савол замонавий субатом зарралар физикасидан тортиб астрофизикагача узоқ йиллардан бери ҳам ечимини кутаётган сирлар сирасида қолиб келмоқда.

9. Пульсарларнинг магнитосфераси. Пульсарларнинг радиотўлқин таратиши моделлари ҳали ҳам аниқланмаган. Пульсарлар кашф этилган ўша 1968 йил, яъни деярли 50 йилдан буён олимлар ушбу радиотўлқинлар манбаси нимада эканини билолмай хунобдирлар.

10. Хаббл аномалияси. Хаббл қонунига биноан, биздан тенг масофада узоқда жойлашган турли галактикаларнинг биздан узоқлашиш тезлиги ҳам бир хил бўлиши керак. Яъни бундай галактикалар тахминан тенг қизилга силжиш қийматига эга бўлиши лозим. Бироқ кўплаб галактикаларнинг биздан қочиш тезлиги бу қонунга бўйсунмайди. Уларнинг ҳаракати таҳлил қилинса, тезликка таъсир қилувчи ва биздан панада бўлган яна нимадир борлиги маълум бўлади. Бу «нимадир» биздан 65 парсек масофада жойлашгани маълум. Олимлар унга ҳатто ном ҳам топиб қўйишган - «Буюк аттрактор». Лекин бу «буюк зоти олийларининг» ўзи нима эканини ҳеч ким билмайди. Биладиганимиз шуки, у ўзига яқин галактикаларни қочиб кетишига йўл қўймай, уларнинг ҳаракатини секинлаштирмоқда.

Биз коинотга оид бўлган ва ҳозирги замон фани учун ҳам сир бўлиб қолаётган айрим муҳим асрорлар билан танишдик, холос. Ваҳоланки, коинотда сир-синоат аслида бундан-да кўп...

Музаффар Қосимов тайёрлади