ИШИД собиқ етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодийнинг ўлим билан юзма-юз келишидан аввал, сўнгги ойларда хиёнат бўлиши мумкинлигидан тез-тез ҳадиксираган, вақти-вақти билан чўпонлар кийимини кийиб юрган ва кўпроқ ўз хавфсизлигини таъминлаш ҳақида ўйлаган. Бу ҳақда Associated Press ҳамда The Times of Israel маълумотларига таяниб «Известия» хабар тарқатди.

Фото: Independent

Хабарга кўра, у ташкилотнинг ўзидан бошқа раҳбарлари кутилмаганда хиёнат қилиши мумкинлигидан чўчиган, мунтазам равишда асабий ҳолатда юрган ва мобил телефонлардан умуман фойдаланмаган.

ИШИД ўзи эгалик қилган ҳудудларни бой бера бошлагач Бағдодийнинг Сурияда бир ердан бошқа жойга бориши ҳам мушкуллашган. Дунёнинг биринчи рақамли террорчиси доим худкушлар камари билан юрган ва ухлаганда ҳам уни ечмаган, атрофидаги одамларни ҳам тирик бомба бўлишга мажбурлаган.

Доимий талвасада юриш ва қандли диабет касаллигига чалингани сабабли қонидаги қанд миқдорини доимий равишда текшириб, инсулин қабул қилиб юрган. Соғлиғи билан боғлиқ муаммо сабаб Рамазон ойида рўза тутмаган ва ёрдамчиларига ҳам рўза тутишни тақиқлаб қўйган.

Абу Бакр Ал-Бағдодий 27 октябрда Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ ҳарбийларининг ҳаводан йўллаган ҳужуми натижасида ўлган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлаган. ИШИД собиқ раҳбарининг жасади қолдиқлари денгизга оқизилиши ва ташкилот раҳбарлигини келиб чиқиши туркман миллатига мансуб ироқлик собиқ зобит Абдулла Қардош эгаллаши тахмин қилинганди. Кейинчалик ИШИД вакиллари ҳам раҳнамо ҳалок бўлганлигини тасдиқлади ва АҚШдан қасос олишни ваъда берди. ИШИД террористик ташкилотида Бағдодийнинг ўрнини Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший эгаллаган. 4 ноябрь, якшанба куни Суриянинг Алеппо вилоятида Туркия ҳарбийлари Бағдодийнинг опаси 65 ёшли Расмия Авад ва унинг оила аъзоларини қўлга олган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.