Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Андижон вилоят бошқармасида хорижлик сармоядорлар билан учрашди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Хонобод Кю Би Коин» МЧЖ мутахассислари вилоятда турли русумдаги электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Вилоят раҳбари хорижлик сармоядорлар билан суҳбат давомида ушбу лойиҳани тўлалигича қўллаб-қувватлашини билдириб, уларга белгиланган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш борасида тушунчалар берган.

Қувватини бир марта тиклаганидан сўнг, 100—150 километр масофани босиб ўтиш имкониятига эга бўлган енгил ва юк автомобиллари, электробус, мототцикл ва махсус техникалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани алоҳида таъкдиланган.

Шу билан бирга, вилоят ҳокими ички ишлар идоралари ходимларига мўлжалланган махсус машинани Андижон шаҳри шароитида синовдан ўтказиш борасида топшириқ берган.

«ХАН русумидаги электромобиллар ажойиб техник тавсифга, замонавий қиёфага эга. Қолаверса, уларни оддий уй шароитида қувватлантириш ҳам жуда осондир», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижон вилояти Хонобод шаҳрида электромобил ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилаётгани, лойиҳа қиймати 2 миллиард сўм дея баҳоланаётгани маълум қилинган эди.