Туркия хавфсизлик хизмати кучлари Сурияда ИШИД собиқ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг хотинини ҳам қўлга туширган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг маълумотига асосланиб «РИА Новости» хабар берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон
Фото: Ал Арабия

«Ал-Бағдодий туннел ичида ўзини-ўзи портлатганди. Биз Сурияда Бағдодийнинг рафиқасини ушладик. Лекин ортиқча шов-шув бўлмаслиги учун бу ҳақда овоза қилмадик. Ушбу маълумотни энди ошкор этаяпман. Туркия ИШИД етакчисининг опаси ва поччасини ҳам қўлга туширган», — дея таъкидаган Эрдўғон Анқарада сўзлаган нутқида.

Абу Бакр Ал-Бағдодий 27 октябрда Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ ҳарбийларининг ҳаводан йўллаган ҳужуми натижасида ўлган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлаган. Трамп Бағдодийнинг таъқибдан қочиб туннелга беркингани ва у ерда ўзини-ўзи портлатганини билдирган. ИШИД собиқ раҳбарининг жасади қолдиқлари денгизга оқизилиши ва ташкилот раҳбарлигини келиб чиқиши туркман миллатига мансуб ироқлик собиқ зобит Абдулла Қардош эгаллаши тахмин қилинганди. Пентагон Идлиб вилоятида ўтказилган операциянинг тафсилотларини ошкор этган ва видеодан парчани эълон қилган. Кейинчалик ИШИД вакиллари ҳам раҳнамо ҳалок бўлганлигини тасдиқлади ва АҚШдан қасос олишни ваъда берди. ИШИД террористик ташкилотида Бағдодийнинг ўрнини Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший эгаллаган. 4 ноябрь, якшанба куни Суриянинг Алеппо вилоятида Туркия ҳарбийлари Бағдодийнинг опаси 65 ёшли Расмия Авад ва унинг оила аъзоларини қўлга олган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.