Ўзбекистон Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида ўтказилган профилактик ишлари натижасида 15 586 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфи олди олинган. Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 35 нафар киши қутқарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабар берилишича, кўрилган чоралар натижасида 1 271 бош уй ҳайвони, 123 хил техника, 289 миллиард сўмдан зиёд бино ва иншоотлар ва 95 миллиард сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақлаб қолинган.

2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида содир бўлган ёнғинлар 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 345 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 10 тага ва тан жароҳати олиши 56 тага камайган. Лекин олиб борилаётган ишларга қарамасдан 2019 йилнинг мазкур даври давомида республика ҳудудида жами 9 384 та ёнғин қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 88 киши ҳалок бўлган ва 240 киши тан жароҳати олган.

Жами содир бўлган ёнғинларнинг 69,3 фоизи аҳоли яшаш жойларида, 9,5 фоизи тадбиркорга тегишли объектларида, 5,3 фоизи транспорт воситаларида ва 1,3 фоизи давлат тасарруфидаги объектларда юзага келган. Ёнғинларнинг 38,9 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 30,1 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 11,1 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш, 9,9 фоизи болаларнинг шўхлиги ва 4 фоизи транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тузилиши қоидаларининг бузилишидан содир бўлган.