Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Қордай туманидаги «Тошкент—Олмаота» трассасида 20 апрель шанба куни 49 нафар йўловчини олиб кетаётган Van Hool русумли автобус иштирокида йўл транспорт ҳодисаси рўй бергани ва бунинг оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. “Zakon.kz”нинг ёзишича, ЙТҲга учраган автобус ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми чиқарилган.

Фото: “Zakon.kz”

Автобус ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда Toyota Camry машинаси билан тўқнашиб кетган ва оқибатда бошқарувни йўқотиб, автобуснинг ағдарилишига йўл қўйган. Фожиа оқибатида 11 киши, жумладан, 8 нафар Қозоғистон, 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди.

Қордай туман судининг маълум қилишича, ҳайдовчи Қозоғистон Жиноят кодексининг «Транспорт воситасини бошқарган шахс томонидан эҳтиётсизлик туфайли 2 нафардан кўпроқ кишининг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати қоидабузарлиги» моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Айбланувчи ўз айбини тан олиб, пушаймонлигини билдирган. Суд айбланувчининг чин дилдан пушаймонлигини, яшаш жойидан у ҳақида ижобий тавсифнома олингани, аввал судланмаганлигини ҳисобга олиб, 7 йиллик муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.