Қирғизистон жануби-ғарбий қисмидаги Мойлисой шаҳри яқинидаги дунёдаги энг йирик радиоактив чиқиндилар омбори туфайли Фарғона водийсига экологик фалокат таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Reuters ва Euronews’да чоп этилган мақолаларда айтилади.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, радиоактив чиқиндилар омбори ва уран кони назоратдан четда қолган. Бу эса эколог ва шифокорларнинг хавотирларига сабаб бўлмоқда.

«Мен у ерга бориб, шахсан ўзим текширдим: У ерда радиация миқдори соатига 100 микроренгенни ташкил этади. Сўнгги йилларда бу ерда 2—3 та уй қурилди», — дейди Мойлисой умумий тиббий амалоёт маркази директори Тинарбек Докбаев.

Қирғизистон ҳукумати Мойлисойдаги радиоактив чиқиндилар омборини мамлакатдаги энг хавфли омборхоналардан бири эканлигини тан олади.

Сентябрь ойида парламент эшитувларида бош вазир ўринбосари Кубатбек Боронов чиқиндилар дарёга оқизилган тақдирда минтақавий даражадаги фалокат хавфи юзага келиши ҳақида гапирган эди. Экологлар бу борада шошилинч чоралар кўриш зарур эканлигини айтмоқда.

«Ҳозирда суюқ саноат чиқиндиларининг дарёга оқиб кетишининг олдини олиши керак бўлган тўғонлар яроқсиз ҳолга келган. Фарғонада 14 миллион киши яшайди. Агар радиоктив чиқиндилар Норин дарёсига оқиб кетса бу водийнинг барча аҳолиси учун йирик фожиа бўлади», — дейди эколог Болотбек Каримов.

Совет даврида Мойлисой уран моддасини қазиб олиш ва қайта ишлашдаги муҳим марказлардан бири бўлган. Ҳозирда эса шаҳар ногиронлиги бўлган инсонлар сони бўйича етакчилик қилади.

Бир неча йил олдин Жаҳон банки дастури доирасида ёпиқ кон-бойитиш заводларидан қолган 23 та радиоактив моддалар қабристонларидан бири хавфсизроқ жойга кўчирилди.

2020 йилда ҳукумат Марказий Осиё мамлакатларида радиоактив қабристонларини реабилитация қилиш қилиш ва омборхоналар мелиоратив ҳолатини яхшилашни бошлашни режалаштирмоқда. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки 82 миллион евро маблағ ажратди.