Росгвардия раҳбарининг ўринбосари Олег Борукаев хизмат ходимларига қўриқланадиган объектларга яқинлашган дронларни уриб тушириш ҳуқуқини беришни сўради. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Фото: «ТАСС»

Сентябрь ойида Давлат думаси ИИВ, Росгвардия, ФХХ, ФҚХ ва Ташқи разведка хизматига ҳаво ҳудудида шундай қурилмалар бўлишини бартараф этиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганди. Мазкур ҳужжат дронларни йўқ қилиш, шикастлаш ёки уларнинг сигналларини ўчиришни кўзда тутади.

Борукаев Давлат думасидаги чиқиши чоғида айтишича, дронлар радиосигналини ўчириш қурилмалари 150 минг рублдан 200 миллион рублгача туради ва ғазна учун оғирлик қилади.

«Қурол ва жанговар техникани қўллаш қонун билан рухсат этилган. Бюджетга юк тушмаслиги учун бу вазиятдан чиқиш йўли ҳисобланади», — деди Борукаев.

Росгвардия раҳбарининг ўринбосарига кўра, мамлакатда 2017 йилдан бери дронларнинг қўриқланадиган объектлар ҳаво ҳудудига кириши билан боғлиқ 50 дан ортиқ ҳолат қайд этилган.