6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар Қорасув даҳасидаги «Обод маскан» маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уй қурилишида 10 нафар қурувчи ўртасида муштлашув юз берди. Жанжал оқибатида тўрт киши, шу жумладан, уч нафар Туркия фуқароси жароҳат олган. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан маълум қилинди.

Хабар берилишича, уч нафар туркиялик қурувчи исиниш учун қурилиш майдонида олов ёққан. Олов ёнига яна бир қурувчи, Ўзбекистон фуқароси келган ва улар ўртасида келишмовчилик юзага келган, шундан сўнг келишмовчилик муштлашувга айланган. Муштлашувга яна олти нафар ишчи қўшилган.

Натижада тўрт киши олган тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур маҳаллада қурилаётган кўп қаватли уйларда устачилик қилаётган беш киши 4 ноябрь, душанба куни ис газидан заҳарланган эди. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 23:30 да кўп қаватли уй-жой қурилишида ишлаётган беш нафар уста ётоқхона сифатида фойдаланилаётган хонани иситиш мақсадида темир идишда ўтин чўғини хонага олиб кириб ухлаган. Натижада, улар ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.