Санкт-Петербургда жорий йилнинг охирига қадар 250 мингга яқин хориж фуқароларининг ишлаши учун патент берилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Меҳнат ва бандлик қўмитасининг раиси Дмитрий Чернейкога таяниб, «78.ru» хабар берди.

Фото: BBC ўзбек хизмати

Унинг сўзларига кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йил билан солиштирганда деярли ўзгармаган. Муҳожирларнинг 62 фоизини 21—35 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Уларнинг аксарияти Россияга турмуш ўртоқлари билан келади.

2019 йилда патентларнинг 70 фоизи (126 минг) Ўзбекистон фуқароларига берилган. Иккинчи ўринда тожикистонлик ишчилар — 25 фоиз (44 минг). Молдова, Украинадан келган муҳожирлар ҳисобига 2 фоиз патент тўғри келмоқда.

Таъкидланишича, айрим давлатларнинг фуқаролари, хусусан, беларуслар Россияда қонунан патентсиз ишлай олади.

Чернейконинг маълумотларига кўра, 2018 йилда патентлар ортидан давлатга 7,3 миллиард рубл маблағ келиб тушган. Уч йил ичида ушбу маблағлар деярли икки баробарга ошган.

Аввалроқ 2019 йилда Ўзбекистоннинг 1 миллионга яқин фуқароси ишлаш учун Россияга кетгани ҳақида хабар берилганди. 2017 йилги маълумотларга кўра, Санкт-Петербург шаҳрининг ўзида 1 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилган.