Тожикистон–Ўзбекистон чегарасида тожикистонлик чегарачиларга ҳужум қилган номаълум жангарилар гуруҳи Афғонистондан келган ИШИД террорчилари бўлгани аниқланди, деб хабар берди «РИА Новости».

Фото: Thrussophile

Улар Тожикистонга 3 ноябрда Кубодиён қишлоғидаги «Шортуз» чегара отряди ҳудудидан кириб келган ва мамлакатда терактлар ўтказишни мақсад қилган.

Аввал 20 нафар қуролланган ва юзига ниқоб таққан жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг 5 та автоматини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси ўлдирилгани ва 5 нафар жангари қўлга олингани хабар қилинган. Тожикистон томондан бир нафар аскар ва милиция ходими ҳалок бўлгани маълум бўлганди.

Воқеа содир бўлган жойда тезкор тергов гуруҳи суриштирув ишларини олиб бормоқда. «РИА Новости» хабарига кўра, Ўзбекистон расмийлари ҳам вазият ўрганилаётганлигини маълум қилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудининг узунлиги 1,33 минг километрни ташкил этади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.