Абдуллоҳ қаерда? Андижонда вилоят ИИБга чақирилган 20 яшар йигит ҳалигача уйига қайтиб келмаган. Отасининг сўзларига кўра, йигит ўз бошқарувидаги Lacetti’да, тахминларга кўра, вилоят ИИБнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев бошқарувидаги Nexia билан тўқнашиб кетган. Nexia’ни устахонага олиб боришган, нима харажати бўлса, қоплаб берилишини айтишган, шу орада машинани видеога ҳам олишган. Тахминларга кўра, айнан шу ҳаракат алал-оқибат йигитнинг олиб кетилишига сабаб бўлган. Бу 26 октябрда бўлган воқеа. Оила шундан бери фарзандини кўрмаган, Андижондаги ИИБ ходимлари эса: «Йигит Россияда ишлаб юрганида Президентнинг оиласини сўкиб қўйган экан, шунга Тошкентга олиб кетилган», деган.

Абдуллоҳ Тоҳиров.
Фото: «Gazeta.uz»

Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди. Бош прокуратура ахборотига кўра, воқеа 6 ноябрь куни соат тахминан 23:55 да «Урганч—Хива» йўлининг 4-километрида юз берган — фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонага (қайси корхона?) тегишли «Газел»да журналистни уриб юборган. Давлатназар Рўзметов ўтган йили пахта теримига бағишланган ҳокимлик йиғилишини суратга олмоқчи бўлганида қўлга олиниб, етти суткага қамалган эди. Умуман олганда, у Хоразмдаги амалдорларнинг доимий ва асосли танқидчиси сифатида танилган эди.

Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб томига камера ўрнатилган Captiva айланиб юрибди. Уни кўрган ҳайдовчилар: «Омон бўлгур йўл назоратчилари ҳайдовчиларга жарима солиш учун радарнинг мутлақо янгисини чиқарибди-ку», деб ўйлаяпти. Аслида бу радар эмас, бор-йўғи камера ва у ёнидан ўтаётган машиналарнинг тезлигини ўлчамайди. «Яндекс» компаниясидан маълум қилишларича, бу Captiva «Яндекс.Харита» лойиҳасининг таркибий қисми ҳисобланган «Яндекс.Панорама» учун Ўзбекистон шаҳарларининг 360 даражали панорама суратларини тушириб юрибди.

«Ўздонмаҳсулот» буханка нархининг ошгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Лекин буни сўнгги 20 кун ичида нархи икки марта ошган, Қорақалпоғистон ва Сурхондарё томонларда 2—2,5 минг сўмга чиқиб кетган маҳсулот учун тайинли муносабат деб бўлмайди — компания буханкани 1400—1500 сўмдан етказиб бераётганини айтган, лекин жойларда нарх нега юқорилигини тушунтирмаган. Энг қизиғи, компания кейинроқ бу муносабатини ўчириб ташлади.

Фарғонага Euronews ёки Reuters жар солганичалик жиддий хавф йўқ, деяпти Ўзбекистон Экология қўмитаси. Айтишларича, радиоактив фонни кузатиш бўйича 40 дан ортиқ пункт ташкил этилган, Шоҳимардон, Мойлисой, Сумсар (Резаксой) дарёларида эса мунтазам мониторинг олиб борилмоқда, айни вақтда радиация даражаси рухсат этилган миқдорда.

Тунов куни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Хажибаевнинг: «Шифокорларнинг маошини оширишга ҳожат йўқ», деган гапи ижтимоий тармоқларда айланиб кетганди. Вазирликдан маълум қилишларича, бу контекстдан юлиб олинган гап — аслида вазир ўринбосари шифокорларнинг ҳозиргидан-да кўпроқ моддий рағбатлантирилиши тарафдори.

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Светлана Ортиқова яна Ниғматилла Йўлдошевга ўринбосар бўлди. Каттақўрғонда Ўзбекистондаги энг катта ҳарбий полигон фойдаланишга топширилди. Тошкентда катта тезликда келаётган Matiz 64 ёшли аёлни уриб, учириб юборди (даҳшат! Юраги бўшлар видеосини кўрмагани маъқул). Фарғонада бундан 25 йил аввал Президентга «маошимизни оширинг!» деб ёзиб, қамалиб кетган ўқитувчи оқланди — айтишларича, прокурор ундан кечирим сўрабди. Меҳнат вазирлиги ҳудудларда пахта теримига мажбуран жалб этиш ҳолатларини аниқлади (мажбурий меҳнат балосидан тўлиқ қутулиб улгурмадик ҳали). Сурхондарёда эса Бандихон тумани қайта ташкил этилади — худди Тошкент вилоятида Тошкент тумани, Қорақалпоғистонда Бўзатов тумани қайта ташкил этилганидек.

Жаҳонда нима гап? Тожикистон—Ўзбекистон чегарасидаги постга ҳужум қилган ИШИД жангариларининг бари Тожикистон фуқаролари бўлган. АҚШ Давлат департаментидаги валломатларнинг айтишича, ал-Бағдодийнинг ўрнига ўзини «халифа» деб эълон қилган кас ҳам йўқ қилинади (ундан кўра ИШИДни йўқ қила қолинглар, дейдиган мард йўқ). Эрдўғон ҳам жим тургани йўқ — кеча ал-Бағдодийнин бевасини қўлга туширилганини айтганди, бугун эса боласи қўлга олинганини билдирди. Буркина-Фасода олтин кони ишчиларига қилинган ҳужум оқибатида 37 киши ҳалок бўлди. Буёғига хориждаги ўзбекистонликлар ҳақида: ўзбекистонлик фоҳишалар Туркиядан депортация қилинди, Астраханда 36 ёшли аёлни зўрлаган ўзбекистонлик қамалди, Краснодарда ЙТҲда жабрланган бемор Ўзбекистонга олиб келинди — уни ҳеч бир рейс Ўзбекистонга етказишни хоҳламаганди.

Бундан ташқари, фотомухбиримиз Мадина Нурман Тошкент метрополитенидан тайёрлаган фоторепортажни томоша қилишни, шунингдек, «Дарё»нинг Спорт бўлими вакиллари жаҳонга машҳур дарвозабон Давид Де Хеа ҳақида тайёрлаган мақолани ўқишни ҳам қатъий тавсия қилиб қоламиз.