АҚШ давлат департаменти ИШИД террорчилик ташкилотининг етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодийнинг ўрнини эгаллаган янги раҳнамо ҳам тез орада йўқ қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Агар у Ироқ ёки Сурияда бўлса, унинг ҳаёти узоқ давом этмайди», — дея таъкидлаган департаментнинг юқори лавозимдаги вакили.

Шунингдек, департмент расмийси ИШИДнинг янги етакчисининг келиб чиқиши ҳақида маълумотлар йўқлиги ва унинг ҳозирча «жаноб ҳеч ким» эканлигини қайд этди.

«Биз янги раҳбар ҳақида кам маълумотга эгамиз. Аммо биз билган маълумотлар журналистлар диктофонга ёзиб оладиган ахборотлар даражасида ҳам эмас. Ўзимиздаги маълумотлардан ўзимиз ҳам қониқмаяпмиз», — дейди давлат департаменти вакили.

Абу Бакр Ал-Бағдодий 27 октябрда Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ ҳарбийларининг ҳаводан йўллаган ҳужуми натижасида ўлган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлаган. ИШИД собиқ раҳбарининг жасади қолдиқлари денгизга оқизилиши ва ташкилот раҳбарлигини келиб чиқиши туркман миллатига мансуб ироқлик собиқ зобит Абдулла Қардош эгаллаши тахмин қилинганди. Кейинчалик ИШИД вакиллари ҳам раҳнамо ҳалок бўлганлигини тасдиқлади ва АҚШдан қасос олишни ваъда берди. ИШИД террористик ташкилотида Бағдодийнинг ўрнини Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший эгаллаган. 4 ноябрь, якшанба куни Суриянинг Алеппо вилоятида Туркия ҳарбийлари Бағдодийнинг опаси 65 ёшли Расмия Авад ва унинг оила аъзоларини қўлга олган. Кейинчалик Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Бағдодийнинг хотини ҳам Сурияда ушланганини таъкидлади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.