Ўзбекистон Бош прокуратураси 6 ноябрь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметовнинг ўлими юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: Facebook / Давлат Назар

6 ноябрь куни соат 23:55 ларда фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонасига тегишли бўлган Газель русумли автомашинани «Урганч-Хива» йўлининг 4-километрида бошқариб бораётганида, йўлни кесиб ўтаётган «Жамият» газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни уриб юборган.

Натижада Давлатназар Рўзметов бош қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Урганч туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Давлатназар Рўзметов кейинги пайтларда ўзининг шов-шувли постлари ва танқидий мақолалари билан танилган эди.

У 2018 йилнинг октябрида Қўшкўпир туман ҳокимлиги биносида ўтказилаётган йиғилишга кириб, йиғилиш иштирокчиларини расмга олмоқчи бўлганида туман ҳокими ўринбосари йиғилишни тугади, деб эълон қилган. Кейинроқ журналистнинг ушбу қилмиши майда безорилик деб топилиб, у етти суткага қамалган эди.

2019 йилнинг 5 октябрь куни ҳам Давлатназар Рўзметовнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура журналистнинг ҳибсга олинганини инкор этди.