Буркина-Фасо шарқида Канаданинг олтин қазиб олувчи Семафо компанияси ишчилари колоннасига 6 ноябрда уюштирилган қуролли ҳужум натижасида 37 нафар одам ҳалок бўлди ва 60 нафар ишчи турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда «Regnum» хабар берди.

Фото: Twitter

Хабарга кўра, ҳужум Боунгоу шахтасидан 40 километр узоқликда содир бўлган. 37 нафар қурбоннинг тинч аҳоли вакиллари бўлгани ва уларни қўриқлаган хавфсизлик ходимлари талафот кўрмагани айтилган. Ҳукумат вакиллари ҳужум тафсилотлари аниқлаштирилаётгани ва ҳалок бўлганлар сони кўпайиши мумкинлигини билдирган.

Фото: Twitter

Қўпорувчилар уяли алоқа ишламайдиган ҳудудда биринчи автобусни портлатган. Портлашдан сўнг жиноятчилар нафақат колоннани қўриқлаётган ҳарбийларга, балки автобуслардаги ишчиларга ҳам ўқ узган.

Аввал Африка қитъасидаги бошқа бир мамлакат — Малида чегара постига уюштирилган ҳужум натижасида 50 нафардан ортиқ одамнинг ҳалок бўлгани ва ИШИД террорчилари ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани хабар қилинган эди.