20:23, 07.11.2019 // 23702

Эрдўғон Ал-Бағдодийнинг боласи ҳам қўлга олинганини хабар қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон хавфсизлик хизмати ходимлари ИШИД собиқ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг фарзандини ҳам қўлга туширганини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: The Frontier Post

«Бола ДНК текширувидан ўтказилди ва унинг ал-Бағдодийнинг фарзанди эканлиги тасдиқланди. ИШИД собиқ етакчисининг қариндошлари Туркиядаги депортация марказида бўлиб турибди. Адлия вазирлиги уларга алоқадор ишлар бўйича қонун доирасида керакли чора-тадбирларни амалга оширади», — дея таъкидлаган Эрдўғон. Бироқ Туркия давлат раҳбари боланинг жинси ҳақида маълумот бермаган.

6 ноябрь куни Туркия президенти ал-Бағдодийнинг опаси ва унинг оила аъзолари ҳибсга олинганини тасдиқлаган ва ИШИД раҳнамосининг хотини ҳам Сурияда қўлга туширилганини эълон қилганди.

Абу Бакр ал-Бағдодий 27 октябрда Суриянинг Идлиб вилоятида АҚШ ҳарбийларининг ҳаводан йўллаган ҳужуми натижасида ўлган. АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлаган. ИШИД собиқ раҳбарининг жасади қолдиқлари денгизга оқизилиши ва ташкилот раҳбарлигини келиб чиқиши туркман миллатига мансуб ироқлик собиқ зобит Абдулла Қардош эгаллаши тахмин қилинганди. Кейинчалик ИШИД вакиллари ҳам раҳнамо ҳалок бўлганлигини тасдиқлади ва АҚШдан қасос олишни ваъда берди. ИШИД террористик ташкилотида Бағдодийнинг ўрнини Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший эгаллаган. 4 ноябрь, якшанба куни Суриянинг Алеппо вилоятида Туркия ҳарбийлари Бағдодийнинг опаси 65 ёшли Расмия Авад ва унинг оила аъзоларини қўлга олган. 7 ноябрда АҚШ давлат департаменти ИШИД террорчилик ташкилотининг етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўрнини эгаллаган янги раҳнамо ҳам тез орада йўқ қилинишини маълум қилди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

Энг кўп ўқилган

Қидирув