Фарғонада бўҳтон қурбони бўлиб, суд ҳукми билан оқланган ўқитувчидан прокурор 25 йил аввалги хатолик учун узр сўради. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация судлов ҳайъати томонидан Бағдод туман судининг 1994 йил 20 декабрда Турсунхўжа Абдураҳмоновга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинган.

Суд ҳукмига кўра, Турсунхўжа Абдураҳмонов бир дона қирқма ов милтиғини ётоқхонасидаги ёстиқ остида ва 41 грамм кўкнор бошоқларини меҳмонхонасидаги дераза токчасида қонунга хилоф равишда сақлаганликда айбланган ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, меҳнатга мажбуран жалб қилинган.

Вилоят суди мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, уни жиноят содир этмаган деб топди ва уни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқлади.

Судда аниқланишича, ўқитувчилар иш ҳақини ошириш ҳақида Президентга мурожаат қилишгани учун мактабнинг илмий мудири Турсунхўжа Абдураҳмонов ўша вақтдаги вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан уюштирилган бўҳтон қурбони бўлган.

«Фаолиятим давомида кўплаб оқлов ҳукмлари чиқарилган, лекин буниси бошқача бўлди. Жараён давомида давлат айбловини қувватловчи прокурор Турсунхўжа Абдураҳмоновга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш лозимлигини айтди. Ундан ўша вақтда йўл қўйилган хатолик учун узр сўради, судлов ҳайъати оқлов ҳукми чиқарди, 70 ёшни қоралаётган нуроний отанинг кўзларидан эса севинч ва шукурона ёшлари оқди», — деган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов.