Америкалик актёр Кристиан Бэйл режиссёр Жеймс Мэнголднинг «Ford Ferrariга қарши» фильмида британиялик автопойгачи Кен Майлз ролини ижро этиш учун 18 килограмм вазн ташлади. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: Times of India

«Пойга автомобили ҳар томонлама қулай бўлиши учун ишлаб чиқилмайди, у жуда ихчам. Автомобилга сиғишим қийин бўлмоқда», — дейди Бэйл.

Актёр ўзи ижро этадиган персонаж ҳақида гапирганда қаҳрамонининг образига кириш ва унинг ҳаёт тарзини тушуниш қийинчилик туғдирмаганлигини қайд этди.

Бэйлнинг сўзларига кўра Майлз ҳаётдан завқ олиб яшаган ва ўзи қилаётган ишга муҳаббат билан ёндашган.

«Ford Ferrariга қарши» фильмининг жаҳон премьераси 2019 йил 13 ноябрь куни ўтказилади.

Кристиан Бэйл «Бетмен: Ибтидо», «Қора рицар» ва «Қора рицар: афсонанинг қайта туғилиши», «Нуфуз» фильмлари орқали машҳур бўлган. Актёр аввал «Машинист» фильмида суратга тушиш учун 28, «Қутқарилиш тонги» да 24, «Ҳукумат» фильми учун эса 30 килограмм вазн ташлаган. Ушбу актёрни рол учун вазн ташлашда устаси фаранг дейиш мумкин.