Сезяпсизми, монополистлар ҳаётимизда қандай монополия ўрнатса, марказ сўзи тилимизда шундай монополия ўрнатяпти. Ўқув маркази, тил маркази, ош маркази, нон маркази, савдо маркази, гўшт маркази. Ўқув даргоҳи, таълим даргоҳи, ошхона, чойхона, новвойхона, дўкон, магазин, қассобхона деган ғирт ўзбекча сўзларимиз етимдай чеккада мунғайиб қолди.

Уйқу маркази(ётоқ)дан туриб, ҳожат маркази(туалет)га кирдим. Сўнг ювиниш маркази(қўлювгич)да бет-қўлимни ювиб, овқат маркази(ошхона)га кирдим. Нонушта қилгач, транспорт маркази(автобекат)дан автобусга миндим.

Марказлар.
Фотоколлаж: «Дарё»

Иш маркази(ишхона)мгача ярим соатлик йўқ. Эрталабдан йўлтўсар маркази(ДАН пости)да турган мелисалар рейд ўтказяпти. Яқинроқ борсак – йўқ, давлат маркази(Тошкент)га катта-катта меҳмонлар келган экан, каттайўл маркази(автотрасса)ни тўсиб қўйишибди. Ноилож, аҳоли яшаш маркази(маҳалла)нинг торгина йўлидан айланиб юрдик.

Бировга айтманг-у, биз иш маркази(корхона)га келиб дарров иш бошламаймиз. Кўрсатувлар маркази(телевизор)ни ёқамиз, биров чой, биров кофе дамлайди. Ёнимиздаги савдо маркази(магазин)дан майда-чуйда олиб чиқиб, кавшаниб ўтирамиз.

Хўўш. Кўрсатувлар маркази(телевизор)даги лофчиларнинг айтишича, биз Евросиё иқтисодий иттифоқига кирмоқчи эканмиз. Бировга айтманг-у, мен дикторларни лофчилар дейман. Ягона давлат бўлсак, бож марказлари (божхоналар) йўқоларкан, қўшниларга товар сотишимиз осонлашаркан. Ундан ҳам қизиғи, меҳнат муҳожирларининг умумий маркази(Россия)га бемалол бориб ишларканмиз, милиция маркази (ОМОНчилар) осилмас экан. Маҳсулот марказлари (заводлар), ишлаб чиқариш марказлари (фабрикалар) очилиб иқтисодимиз гуллаб кетаркан. Ие, маза бўларкан-у, деб қўйдим. Йўлни қанча тўссангам, иш марказлар(корхоналар)ини гуллатиб қўй, баракатопкур.

Иш маркази(корхона)мизда саккизта маҳсулот тайёрлаш маркази (цех) бўлса, ҳозир бир яримтаси ишлаяпти. Бировга айтманг-у, қолганларини дастгоҳ марказлар(станок)ига қўшиб сотворилди. Ким сотганини сизгаям, бировгаям ҳалигача айтмадим. Шундан кейин кунимиз қўриқлаш маркази(қоровулхона)хонадаги кўрсатувлар маркази(телевизор)нинг тагида ўтадиган бўпқолди. Ҳеч вақо ишлаб чиқармасанг ҳам давлат ойлик тўлайвераркан, вей. Пул маркази(касса)дан шарақ-шарақ санаб олган пулларимизнинг тобора баракаси учди. Бориб-бориб иштонсиз қолаёзгандик, бир боймат сармоя киритиб, корхонамизни аранг сақлаб қолди. Раҳмат унга.

Сиз билан вақиллашиб кунни кеч қилдим. Яхшики, такси маркази ёнимиздалиги учун транспорт муаммоси йўқ. Гўшт маркази(қассобхона)даги сотувчи «келинг, ока, распродажа қивордим» деганди, ярим килогина олиб хонадонлар маркази(микрораён)даги уйимга зипилладим. Иттифоқниям, марказиниям бир четга қўйинг, уйимиздан қўймасин.

Узунқулоқ пирим зиёратгоҳидан мотивация

Биламан, диний мавзу қалтис. Каллани олишга ишқибозлар кўп. Шунинг учун каллани бир жойга қўйиб, эски китобдаги мавзуни кўтараман. Бугунгисини эмас.

Ўша ёшлигимизда маза қилиб ўқиган «Сеҳрли қалпоқча» китобида ажойиб бир зиёратгоҳ тасвирланади. Бу зиёратгоҳга бормабсиз – дунёга келмабсиз. Дуо олувчи борми, фарзанд тиловчи борми, ишлари ўнгидан келишини сўровчи борми – ҳаммаси Узунқулоқ пирим қабрига келиб сўрайди. Узунқулоқ пиримга ҳар нарсани бағишлаш шунчалик оммалашганки, бир йигит пивони охиригача симириб, «Савобини Узунқулоқ пиримга бағишладим», деб шишасини сойга улоқтирворганигача тасвирланган.

Хўш, бу Узунқулоқ пирим қандай кароматгўй зот бўлган? Китобнинг охирида аён бўлади. Аниқроғи, зиёратгоҳни Ҳошимжоннинг дадаси, машҳур бульдозерчи Рўзивой ака пионерлагер қуриш учун бузаётганда одамнинг эмас, эшакнинг суяги чиқади. Ўртада баҳс туғилади. Биров бу одамнинг суяги деса, иккинчиси эшакнинг суяги, деб енгади. Охири узоқ тоғ тарафда яшовчи юздан ошган чол бобони олиб келиб ойдинлик киритишади. Отахоннинг айтишича, тўқсон йилча олдин бир камбағал чолнинг ўтин ортиб келаётган биргина эшаги юкни кўтаролмай таппа ташлаб ўлиб қолади. Чол бечоранинг биргина боқувчиси шу эшак бўлгани учун қаттиқ қайғуриб, уни шу ерга кўмади. Йўлда йиғлаб ўтирса, одамлар «кимингиз дунёдан ўтди?», дейди. Чол қайғу билан «валинеъматим Узунқулоқ пиримни кўмдим», дейди. Шу-шу бу ер зиёратгоҳга айланади. Одамлар «валинеъмат Узунқулоқ пирим»дан тилак сўрашга ўрганади.

«Эй, биродарлар, тилак ягона яратувчидан сўралади. Қабрдан эмас. Зиёратгоҳдан тилак сўралмайди, дарахтга латта боғланмайди. Қабрдагилар сизга ёрдам бера олармиди. Мотивация оламан, шавқланаман, деб ўзингизни кулгига қўйманг», дейдиган одам бўлмаган. Шу тариқа зиёратгоҳ бизнеси гуллаб-яшнаган. Дарвоқе, эслатаман: гап асардаги Узунқулоқ пирим зиёратгоҳи устига кетяпти.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.