6 ноябрда Тожикистон—Ўзбекистон «Ишқобод» чегара-постига ҳужум уюштирган жангариларнинг ҳаммаси Тожикистон фуқаролари бўлиб чиқди. Бу ҳақда Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомали берган маълумотга таяниб Sputnik хабар берди.

Фото: Тожикистон ИИВ матбуот хизмати

«Бош прокуратура мазкур иш бўйича терговни давом эттирмоқда. Ҳужум уюштирганларнинг шахси кун охирига қадар маълум бўлади», — дея таъкидлаган Умаржон Эмомали.

Шунингдек, ИИВ матбуот котиби ҳалок бўлган ва қўлга олинган террорчилар орасида аёллар ҳам борлигини билдирди.

Эмомали Тожикистон махсус хизмати ишига баҳо бериб, барча кучишлатар тизим бўлинмаларининг 50 фоизли жанговар тайёргарликка шай ҳолатда турганини қайд этди.

Sputnik ҳужум вақтида ҳалок бўлган чегарачи ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этган. Чегарачининг исми Изатилло Абубакр бўлиб, 26 ёшли ҳарбий хизматчи Зарафшон туманидаги Абубакр Латипов – Мулла Абубакрнинг ўғли бўлган. Милиционер – Баҳром Шаҳзода эса Рудакий туманидаги «Эсонбой» қишлоғида участка нозири лавозимида ишлаган.

5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар қуролланган ва юзига ниқоб таққан жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг 5 та автоматини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси ўлдирилгани ва 5 нафар жангари қўлга олинган. Тожикистон томондан бир нафар аскар ва милиция ходими ҳалок бўлгани маълум қилинган. Ушланган номаълум шахслар сўроқ қилинганидан кейин жангариларнинг Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари эканлиги ҳақида хабар берилган. Улар Тожикистонга 3 ноябрь куни Афғонистондан Хатлон вилояти орқали кириб келган ва Рудакий туманида 200 километрлик масофани босиб ўтган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.