Жорий йилнинг август ойида Россиянинг Краснодар ўлкасида меҳнат миграциясида бўлган беш нафар фуқаро ЙТҲга учрагани, оқибатда уларнинг икки нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳалок бўлганлардан бири Ўзбекистон фуқароси бўлган. 5 ноябрь куни ушбу ЙТҲда жабрланган Ўзбекистон фуқароси ўз юртига олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллигига таяниб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

ЙТҲ содир бўлганида қолган уч нафар фуқаро Темрюк касалхонасига етказилган. Мазкур фуқароларнинг икки нафарини аҳволи яхшилангач, Ўзбекистонга қайтиб келган. Бироқ 1985 йил Наманганда туғилган Равшан Тўхтаматов жуда жиддий жароҳат олган бўлиб, унда суяк синишлари, ички аъзоларининг лат ейиши, миясида жиддий жароҳат ҳамда гемотома борлиги аниқланган. «Ётоқ» беморини самолётда Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Uzbekistan airways МАК Равшан Тўхтаматовни Ўзбекистонга қайтариш йўлида бирлашиб, у 5 ноябрь куни ватанига олиб келинди.

Беморнинг турмуш ўртоғи Эъзоза Маматованинг айтишича, Равшан Тўхтаматовга у Ўзбекистонга етиб келгунгача бўлган муддатда Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги ёрдам кўрсатган, вазиятни назоратга олган.

Беморнинг Ўзбекистонга қайтарилишида Uzbekistan airways МАК томонидан, истисно тарзида, Равшан Тўхтаматовга «ётоқ» жой ҳамда унинг ҳамроҳлари учун жами 9 та ўрин ташкилот ҳисобидан ажратиб берилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назорат қилувчи ҳамда парвоз пайти унга ҳамроҳлик қилуви махсус шифокорни сафарбар этган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги беморни махсус замбилда Тошкент аэропортидан Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига етказган.