«Манчестер Юнайтед» клуби ва Испания терма жамоаси дарвозабони Давид де Хеа Кинтана 7 ноябрь, пайшанба куни 29 ёшни қарши олди. Қуйида замонавий футболнинг энг яхши дарвозабонларидан бири фаолиятига назар соламиз.

Фото: Yandex Photos

Давид 1990 йилнинг 7 ноябрида Мадрид шаҳрида туғилган ва оилада ягона фарзанд ҳисобланади. Футболчилик фаолиятини «Атлетико»да бошлади ва «матрасчилар» билан Европа Лигаси ва УЕФА Суперкубогида зафар қучган.

Де Хеанинг «Атлетико»даги дебюти 2009 йилнинг 30 сентябрига тўғри келади. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида «Порту»га қарши кечган баҳсда 18 ёшли де Хеа зарурият туфайли майдонга тушди. Ўшанда жамоанинг асосий посбони Серхио Асенхо Испания ёшлар терма жамоаси билан Жаҳон Чемпионатига йўл олган, иккинчи дарвозабон Роберто Гаго эса ўйин пайтида жароҳат олганди. Гарчи ўша учрашувда «Атлетико» мағлубиятга учраган бўлса-да (0:2), унинг совуққон ҳаракатлари мураббийлар штабида ижобий таасурот қолдирди. Шундан кейин Давид Ла Лигада «Сарагоса»га қарши кечган баҳсда (2:1) дебют қилди ва шундан кейин асосий таркиб ўйинчисига айланди.

Фото: Yandex Photos

2009/10 йилги мавсумда испаниялик дарвозабон «Атлетико» билан Испания Кубоги финалига қадар етиб борди ва Европа Лигаси ғолибига айланди. Бу мадридликлар учун сўнгги 48 йилликдаги илк Еврокубок соврини эди. Жамоа ўша йилиёқ де Хеани сақлаб қолиш учун амалдаги шартномани 2013 йилга қадар узайтирди.

2011 йилнинг бошидан британ ОАВларида «Манчестер Юнайтед»да Эдвин ван дер Сарнинг ўринбосари ким бўлиши ҳақида фаол баҳс-мунозаралар авж олди. Номзодлар ичида де Хеанинг номи кўп янграрди. Гари Невиллнинг хайрлашув ўйини бўлган «Ювентус»га қарши баҳсдан сўнг манкунианлар устози Алекс Фергюсон Давид билан келишувга эришилгани ҳақида маълум қилди. Бироқ бу маълумот де Хеанинг вакиллари ва «Атлетико» раҳбарияти томонидан инкор этилди. Футболчи ёшлар ўртасидаги Европа Чемпионати якунига қадар музокаралар столига ўтирмаслиги таъкидланди. Испания ёшлар термаси Европада тенгсизлигини исботлагач, де Хеа дарҳол Манчестерга етиб борди ва «қизил иблислар» билан шартнома имзолади.

Де Хеанинг «Юнайтед» сафидаги расмий дебюти «Манчестер Сити»га қарши кечганди. 2011 йилнинг 4 августида Англия Суперкубоги доирасида тўқнаш келган азалий рақиблар иштирокидаги ўйин 3:2 ҳисобида «Манчестер Юнайтед» фойдасига ҳал бўлганди. Премьер Лигадаги дебют эса «Вест Бромвич»га қарши ўйинга (2:1) тўғри келса, илк қуруқ ўйин «Тоттенҳэм»га қариш баҳсда қайд этилган. Ўша мавсумда де Хеа муваффақтли сейвлар борасида АПЛда энг яхши натижа қайд этди.

Давид 2012/13 йилги мавсумни ҳам кўтаринки руҳда ўтказди. Манчестер дербисида Карлес Тевес ва Давид Сильванинг зарбасидан кейин муҳим сейвларни ижро этди ва «Юнайтед»нинг ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди (3:2). Февраль ойида эса Чемпионлар Лигаси доирасида кечган «Реал»га қарши баҳсда (1:1) ҳам ўзини кўрсатишга эришди. Ўша мавсум де Хеа манкунианлар билан Англия чемпионига айланди. Бу жамоанинг афсонавий мураббийи Алейкс Фергюсон учун сўнгги мавсум бўлганди.

Де Хеа мана бир неча йилдирки «Манчестер Юнайтед»нинг асосий дарвозабони бўлиб келмоқда. Футболчи Испания терма жамоасида ҳам бир неча йилдан бери биринчи рақамни ҳеч кимга бергани йўқ. Испан шу вақтга қадар умумий ҳисобда 489 ўйин (41 таси Испания терма жамоасида) ўтказган, уларнинг 179 тасида гол ўтказиб юбормаган. Футболчи уч бор Англия Суперкубоги, икки марта Европа Лигаси, бир мартадан АПЛ, Англия Кубоги, Лига Кубоги ва УЕФА Суперкубогида зафар қучган. Шунингдек, де Хеа беш карра PFA йил рамзий терма жамоасидан ўрин олган ва бир бор Премьер Лига «Олтин қўлқоп»ини қўлга киритган.

Футболчига оид қизиқарли фактлар

  • Де Хеа узоқни яхши кўра олмайди, шу сабаб у 2012 йилдан буён контакт линзаларидан фойдаланиб келади
  • 2015 йилда Давид «Реал»га ўтишга яқин келганди, бироқ трансфер ойнасининг сўнгги онларида бузилиб қолган факс мосламаси туфайли трансфер барбод бўлган
  • Алекс Фергюсон 2009/10 йилги мавсумда да Хеанинг ўйинини шахсан кузатиш учун «Юнайтед»нинг Лига Кубогидан ўрин олган «Сканторп»га қарши баҳсида иштирок этмаган
  • Де Хеа болалигида ярим ҳимояда ўйнаган ва ҳужумга ўтишни яхши кўрган. Бироқ 14 ёшида қахрамонимиз дарвозабон бўлишга аҳд қилган
  • Де Хеанинг отаси ҳам дарвозабон бўлган
  • «Манчестер Юнайтед»даги ишончли ҳаракатлари сабаб де Хеа «юнайтедчилар» орасида Эдвин ван дер Хеа лақабини олган

Нодирхон Ҳамидхонов тайёрлади

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!