Ўзбекистонда «буханка» нархи сўнгги 20 кун ичида иккинчи марта қимматлашгани ва айрим ҳудудларида «буханка» нархи 2500 сўмгача кўтарилгани ҳақида хабар берилган эди. «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Фото: «Ўздонмаҳсулот»

Маълум қилинишича, компания тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган қолипли нон бугунги кунда 1400—1500 сўмдан барча турдаги истеъмолчиларга пул кўчириш йўли ва турғун савдо шохобчалари орқали сотилмоқда.

«Ўздонмаҳсулот» томонидан маълумот беришича, компания тизимидаги 44 та дон корхонаси таркибида 109 та нон ишлаб чиқарувчи корхона ва цех мавжуд. Улар асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган. Тошкент шаҳрида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, сотилиши ва таъминоти устидан назорат олиб бориш «Тошкент нон» уюшмаси томонидан амалга оширилади.

Таъкидланишича, «Ўздонмаҳсулот» тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган қолипли нон маҳсулотлари бугунги кун ҳолатидаги 1400—1500 сўм нархи ишлаб чиқариш харажатларидан келиб чиқиб шакллантирилган.

Маълумот учун, «буханка» нархи охирги марта жорий йилнинг 15 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори қабул қилинганидан кейин ошган эди.