7 ноябрь куни Покистоннинг Панжоб вилояти Лахор шаҳри ҳокимлиги фуқаролар соғлиғига хавф солаётган заҳарли тутун сабаб мактабларни вақтинчалик ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Regnum» хабар берди.

Фото: Gnnhd

Покистоннинг Dunya News телеканали миллонлаб аҳоли яшайдиган шаҳарнинг барча мактаблари заҳарли об-ҳаво шароити туфайли ёпиб қўйилганини эълон қилди. Вилоят ҳокимлиги шаҳардаги экологик ҳолатдан хавотирда: вазир Сардор Усмон Буздар шаҳардаги барча маҳаллий тузилмалар ва вилоят масъулларини вазиятни яхшилашга чақирди.

Лахор шаҳри ҳавоси энг ифлос ҳудудлар рейтингида юқори ўринларда туради. Панжоб вилояти ҳокимлиги ушбу экологик инқирозда қўшни Ҳиндистондаги вазиятни айблади.

Ҳиндистон пойтхати Нью-Деҳли шаҳрида ҳам атрофдаги қишлоқларда деҳқонларнинг похол ёқиши сабабли ҳавонинг ифлосланиш даражаси 10 баравар кўпайган ва мактаблар ёпиб қўйилган, шунингдек, ҳукумат аҳолининг автомобилдан фойдаланишини чеклаш бўйича қарор қабул қилган. Унга кўра тоқ кунларда тоқ, жуфт кунларда эса жуфт давлат рақамига эга машиналардан фойдаланиш мумкин.

Сентябрда дунё шаҳарларидаги ифлосланиш ва ҳаво сифати индексини таҳлил қилувчи The World Air Quality Index’нинг энг йирик онлайн-мониторинг натижаларига кўра, Тошкент ҳавоси ифлос шаҳарлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллагани маълум қилинган. «Ўзгидромет» Тошкентнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаши нотўғри маълумот деб атаган ва «AirVisual.com» сайти расмий давлат сайти ҳисобланмаслиги, маълумотлар хусусий компаниялар ва ташкилотларнинг сунъий йўлдош кузатувлари асосида келиб тушишини қайд этганди.