АҚШ адлия вазирлиги Twitter компанияси собиқ ходимларини Саудия Арабистони манфаатларини кўзлаб жосуслик қилганликда айбламоқда, дея хабар берди «Интерфакс».

Фото: AP

АҚШ фуқароси Аҳмад Абуаммо қироллик топшириғига асосан ижтимоий тармоқда учта аккаунтни кузатгани учун 5 ноябрь куни ҳибсга олинган.

Компаниянинг бошқа бир ходими Саудия Арабистони фуқароси Али Алзабара эса 6 ноябрь куни 2015 йилда Twitter’даги 6 мингдан ортиқ шахсий саҳифалардаги маълумотларни олишда Ар-Риёд расмийларига имконият яратганликда айбланиб қамоққа олинди.

Алзабара «бузиб кирган» аккаунтлардан бири Саудия Арабистони ҳақида кўплаб мақолалар муаллифи, танқидчи Омар Абдулазизники экани маълум қилинган. Абдулазиз ўтган йили Туркияда қироллик буйруғи билан ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчининг яқин дўсти.

Саудия Арабистонининг яна бир фуқароси Аҳмад Алмутарий ҳам жосусликда айбланмоқда. У Twitter’даги икки шеригининг буюртмаларини саудиялик давлат амалдорлари билан мувофиқлаштирган ва ўртада воситачилик қилган.

Алзабара ва Алмутарий Саудия Арабистонида эканлиги тахмин қилинмоқда.

The Washington Post газетаси АҚШ федерал прокурорларининг Саудия Арабистонини очиқдан очиқ жосусликда айблаши мамлакат тарихида илк бор кузатилаётганини қайд этган.

«Биз Америка компаниялари ёки технологияларига хориждаги зўравонлик ва Америка қонунчилигининг бузилишида восита бўлишига йўл қўймаймиз», — дея таъкидлаган АҚШ федерал прокурори Девид Андерсон.

Нашр уч нафар гумонланувчи ўз ишлари ҳақида ҳисобот бериб турган саудиялик амалдор, Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмонга тегишли МиСК фонди вакили Бадир ал-Асакер эканлигини аниқлаган.

Уларнинг Twitter’да ахборотни кузатиши ва тўплашининг энг фаол даври шаҳзода иккинчи валиаҳд деб эълон қилинган 2015 йилга тўғри келади. Кейинчалик 2017 йилда Муҳаммад ибн Салмон валиаҳд шаҳзодага айланди.

Шу вақтдан бошлаб Алзабара Абдулазизнинг маълумотларини таҳлил қилиш ва ал-Асакерга ахборотларни етказишда фаоллашган.

Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биносига кириб, у ердан қайтиб чиқмаган. Журналистнинг мурдаси топилмади. Туркия ОАВ ҳуқуқни муҳафаза қилиш ва тергов органларидаги манбаларига таяниб, Қошиқчининг консуллик биносида қийноққа солингани ва ваҳшиёна ўлдирилгани ҳақида далиллар борлигини хабар қилган. Жиноятдан бир йил ўтгач Жамол Қошиқчининг ваҳшиёна ўлдирилиши тафсилотлари BBC суриштирувидан кейин маълум қилинган. Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлими учун ўзини жавобгар деб билади. У бу ҳақда PBS телеканалининг ҳужжатли фильми учун берган интервьюсида тан олган.

Саудия Арабистонида Қошиқчининг ўлдирилиши юзасудан 11 нафар фуқарога, хусусан, бош разведка раҳбарининг ўринбосари Аҳмад Асирийга айбловлар эълон қилинган.